Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Тадбиркорлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда партия депутатлик корпусининг 2025 йилга мўлжалланган иш режаси муҳокама қилинди.
Йиғилишда фракция аъзолари, шунингдек, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари, фаоллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорларга қулай шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, партия ва унинг депутатлари олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
[gallery-21216]
Йиғилишда кўриб чиқилган навбатдаги масала – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р.Сапарбаев томонидан ишлаб чиқилган “Барча янги туғилган болалар учун болалар депозитини очиш бўйича лойиҳа” тақдимоти бўлди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳририда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деб белгиланган. Ижтимоий давлат мақомини мустаҳкамлаш, янги туғилган болаларни тарбиялашда ота-оналарни қўллаб-қувватлаш ва уларни болаларга узоқ муддатли сармоя киритишга янада фаол жалб қилиш мақсадида барча янги туғилган болалар учун “болалар депозитлари”ни очиш лойиҳасини жорий қилиш таклиф этилмоқда.
– Ушбу лойиҳа бола вояга етганида шахс сифатида шаклланиш, иқтидорини ривожлантириш учун эркин молиявий ресурсларга эга бўлишини таъминлашга хизмат қилади, – дея таъкидлади Рустам Сапарбаев. – Шунингдек, барча янги туғилган болалар учун “болалар депозитини” очиш, мазкур депозитни ота-оналар, васийлар ёки бошқа ҳомийлар томонидан қонун асосида босқичма-босқич тўлдириш имконияти билан таъминлаш ва 18 ёшга тўлганда фоизлари билан тўловни олиш ҳуқуқини беради.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, “Барча янги туғилган болалар учун болалар депозитини очиш” лойиҳасини янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш ва маромига етказиш бўйича бир қатор таклифлар берилди. Хусусан, фракция аъзолари А.Байриева, К.Баймуратов, М.Ибрагимов, М.Джумамуратова, К.Ешбаев, М.Абдиров ушбу лойиҳанинг ғоятда муҳимлигини қайд этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ва унинг халқ манфаатларига хизмат қилишини эътироф этди.
Йиғилиш давомида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига оид масалалар ижроси юзасидан депутатлик назорат-кузатув ишларини амалга ошириш, ижро этувчи ҳокимият органлари раисларининг ҳисоботларини фракция йиғилишларида эшитиш бўйича олдинда турган вазифалар белгилаб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА