Лойиҳа доирасида ўтказилган танлов ғолиблари аниқланди
Жорий йилнинг июнь ойида “DMO Karakalpakstan” (Destination Management Organization of Karakalpakstan) жамоат бирлашмаси томонидан Европа Иттифоқи, Конрад Аденауэр жамғармаси ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Ёшлар ва аёллар - Қорақалпоғистонда барқарор туризм элчилари” лойиҳаси доирасида Нукус шаҳри, Мўйноқ ва Хўжайли туманларида уч кунлик ўқув семинарлари ташкил этилган эди.
Мазкур тадбирларда 33 нафар ёш ва аёл иштирок этиб, барқарор туризм, маҳаллий ташаббусларни ривожлантириш, ижтимоий тадбиркорлик, лойиҳаларни тайёрлаш ва туристик маҳсулотларни яратиш бўйича билим ва амалий кўникмаларга эга бўлдилар. Ўқув дастурининг энг муҳим босқичларидан бири иштирокчилар томонидан ўз ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириш бўлди. Танлов доирасида иштирокчилар якка ва жамоа таркибида туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқиб, тақдим этдилар.

Барча лойиҳалар мустақил экспертлар, мураббийлар ва “DMO Karakalpakstan”жамоат бирлашмаси жамоаси томонидан белгиланган мезонлар асосида баҳоланди. Баҳолаш натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаган лойиҳалар ғолиб деб топилиб, уларни амалга ошириш учун ҳар бирига 2 миллион 500 минг сўмдан асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.

Танлов натижасига кўра, комиссия томонидан мини-субсидия ажратиш учун қуйидаги, жумладан Мўйноқ тумани бўйича:
- Мўйноқнинг меҳмондўстлиги ва миллий қадриятларини маҳаллий ва хорижий сайёҳларга намойиш этиш мақсадида табиат қўйнида миллий услубда меҳмон уйини ташкил этишга қаратилган “Қирдаги кема” ҳамда замонавий медиа воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳудуднинг туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва уни халқаро майдонда оммалаштиришга қаратилган “Muynak travel media” лойиҳалари;
Хўжайли тумани бўйича: Қорақалпоғистон Республикаси ва Хўжайли туманининг туризм имкониятларини рақамли технологиялар орқали кенгайтириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга қаратилган инновацион ташаббус ҳисобланган “Smart Karakalpakstan Tourism Hub” ҳамда қорақалпоқ миллий маданияти, ҳунармандчилиги ва Орол фожиаси тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи маданий туризмга бағишланган “Бир хотира - минг ҳикоя устахонаси” лойиҳалари;
Нукус шаҳри бўйича: маҳаллий ўсимликлардан табиий совун ишлаб чиқариш ва экологик тоза маҳсулотлар орқали сайёҳлик сувенирлари қаторини кенгайтиришга қаратилган “Aralaroma soap” ҳамда қорақалпоқ миллий нонларининг замонавий, экологик тоза ва миллий услубда безатилган қадоқлари орқали сайёҳлар учун янги сувенир брендини яратишга қаратилган “Arbashi bread” лойиҳалари танлаб олинди.
Бундан ташқари, Мўйноқ тумани иштирокчиси Азиза Атамуратованинг “Шеге қишлоғидаги уй меҳмонхонаси” лойиҳаси ҳам экспертлар томонидан юқори баҳоланди. Ушбу лойиҳанинг истиқболлилиги ва муаллифнинг ташаббускорлигини инобатга олган ҳолда, “DMO Karakalpakstan” жамоат бирлашмасининг ўз маблағлари ҳисобидан ташаббусни қўшимча қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Мазкур танлов ёшлар ва хотин-қизларнинг ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириш, маҳаллий туризмни ривожлантириш, янги сайёҳлик маҳсулотлари ва хизматларини яратишга хизмат қилувчи муҳим ташаббус бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири