Қарор ва ижро
Айни кунларда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида Техник-иқтисодий лойиҳага асосан модернизация ишлари давом эттирилмоқда.
“Фарғона НҚИЗ” МЧЖ матбуот хизмати раҳбари Аҳмаджон Одиловнинг маълум қилишича, корхонада амалга оширилаётган мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 февралдаги 67-сон қарорига асосан Техник-иқтисодий лойиҳаси ишлаб чиқилган. У экспертизадан ўтказилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 декабрдаги 751-сон қарори билан тасдиқланган.
Бош лойиҳачи Россиянинг "Омскнефтехимпроект" масъулияти чекланган жамияти томонидан PDP/FEED асосида янги технологик қурилмаларни қуриш бўйича ишчи лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Мавжуд технологик қурилмаларни реконструкция қилиш ва марказлаштирилган бошқарув тизими ҳамда замонавий марказий завод лабораториясини қуриш лойиҳаси учун "UzLiTi Engineering" МЧЖ лойиҳа институти жалб этилган.
– Ҳозирги пайтда ускуна ва жиҳозларнинг асосий техник параметрлари аниқланган. Тегишли техник шартлар ишлаб чиқилган бўлиб, тендер асосида танлаб олинган компанияларни ишлаб чиқариш учун жалб қилиш бўйича буюртмалар бериш жараёни олиб борилмоқда. Заводни табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи мутахассислари томонидан умумий узунлиги 12 километр бўлган янги ташқи газ қувурини ётқизиш бўйича техник топшириқ тайёрланди, – деди “Фарғона НҚИЗ” МЧЖ матбуот хизмати раҳбари Аҳмаджон Одилов.
"Vodiy kommunal servis" МЧЖ томонидан газ қувури ётқизиш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қурилиш материаллари ва ускуналари харид қилиш ишлари бошлаб юборилди. Нефть маҳсулотларининг қайтариб бўлмайдиган йўқотилишини камайтириш мақсадида ФНҚИЗнинг лойиҳалаш бўлими мутахассислари 36 та янги резервуар қуриш лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Айни пайтда лойиҳа бўйича ишлар 50 фоиздан ошди. Шу билан бир қаторда, Россиянинг “Конар” компаниясини жалб қилиниб, резервуарлар ишлаб чиқариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
– Бугунги кунда лойиҳа доирасида 17 миллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилди, – деди А.Одилов. – Ушбу инвестиция лойиҳасининг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Enter Engineering Pte. Ltd. компанияси “EPC” шартномаси асосида лойиҳани ишлаб чиқиш, ускуна-жиҳозларни ва материалларни етказиб бериш, шунингдек, қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш учун жалб этилди. Қурилиш майдончаларини “EPC” пудратчига ўтказиш ва топшириш бўйича завод мутахассислари демонтаж ишларини тайёрлади.
Айни дамда "Ўзроснефтгазгео" ва "ЎзГАШКЛИТИ" каби ихтисослаштирилган корхоналар қурилиш объектларида муҳандислик-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА