Кечаги ёғингарчилик сабаб пойтахт кўчаларини сув босди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган туннеллар ва метро бекатлари сувга тўлгани акс этган фото-видеолар кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Махсус ирригация, яъни сув кетиш йўллари (ариқлар) тўлиб қолгани туфайли ёмғир сувлари айрим метро бекатларига ҳам туша бошлаган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, Тошкент шаҳридаги лотокларнинг ўртача диаметри 300 мм.га тенг. Улар ёғингарчилик сувларини коллекторлар ва каналларга етказади.
2 апрель куни икки соат давомида кузатилган кучли ёғингарчилик натижасида 20 мм. ёмғир ёғиб ўтган ва бу апрель ойи учун белгиланган умумий меъёрнинг, яъни 60 мм.нинг учдан бир қисмига тенг. Лотоклар бир пайтнинг ўзида бундай катта оқимни қабул қилишга мўлжалланмагани боис, шаҳримиздаги бир неча манзилгоҳларда сув тўпланиши кузатилган.
Бу ҳолатни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси ва унинг туман бошқармалари, коммунал соҳа тизимлари, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Ички ишлар бош бошқармасининг 500 дан ортиқ ходимлари ва 100 дан ортиқ махсус техникалари жалб этилиб, 23:00 гача барча манзиллардаги ҳолатлар бартараф этилди.
ЎзА