
Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муродова раҳбарлик қилаётган «Нурли обод» фермер хўжалигида «Ёш фермер қизлар мактаби» фаолият кўрсата бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилган мактабда қизлар тажрибали фермерликнинг сир-асрорларини ўрганмоқда.
Хотин-қизлар бугун жамиятимизнинг барча жабҳаларида фаол бўлиб, ўзларининг меҳнатсеварлик, ишбилармонлик фазилатларини намоён этмоқда. Деҳқончиликнинг академиги Лолахон Муродованинг ҳаёт йўли барчага ибратдир. Шу боис, қаҳрамон опа каби қишлоқ хўжалиги соҳасининг илғор вакилларидан маслаҳат ва йўл-йўриқлар олиш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, уларнинг орасида опа-сингилларимизнинг борлиги қувонарлидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги ишчи гуруҳ «Нурли обод» фермер хўжалигида бўлиб, «Ёш фермер қизлар мактаби» фаолияти билан танишди. Мазкур мактабнинг тингловчилари билан суҳбатлашиб, Лолахон Муродова каби инсонларга ҳавас қилаётган қизларга омад тилади.
– Чўл ўртасидаги 18 йил пахта режасини бажармаган бригадага жўнатганда ерларнинг ҳолатини кўриб йиғлагандим, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Лолахон Муродова. – Ўша пайтда бу жойларни энди ўзлаштириш бошланганди. Ҳатто Қўқон шамоли учириб кетса, нима қиламан, деган хаёлларга борганман. Астойдил меҳнат қилдик, ортимиздан одамлар келди. Мана бугун ўша чўл энг унумдор ерга айланди. Албатта, буларнинг барчаси ҳалол меҳнат туфайли. Ерга меҳр берган киши элда ҳам азиз бўлади. Бугун қизларимизнинг шижоатини кўриб, ҳавас қиляпман. Шундай ғайрат билан иш бошлаган кунларим кўз олдимдан ўтди.
Янги ташкил этилган мактабда фермер бўлиш истагини билдирган 16 нафар қизлар тумандаги фермер хўжаликларига бириктирилди. Улар йил давомида малака ошириб боришади.
[gallery-2245]
Олтиариқ туманидаги Бўрбонлиқ адирларида «Мавсум агро логистика» ёшлар кооперацияси ташкил этилиб, «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»дагилар учун беш юздан ортиқ иш ўринлари яратилди. Кооперация экин майдонларида ким ўзарга меҳнат қилаётган шижоатли ёшлар иссиқхоналарда помидор, бодринг кўчатларини парваришлаяпти, экинлар ривожи авжида. Ўтган йилда бу ерда меҳнат қилганлар камида 15-20 миллион сўмдан ортиқ даромад топди. Жорий йилда эса уларнинг ниятлари улкан. Сенат Раиси мазкур кооперацияда бўлиб, меҳнат қилаётган хотин-қизлар ва ёшлар билан суҳбатлашди. Уларнинг муаммоларини хал эшитди, орзулари билан қизиқди.
Фарғона давлат университети юксак салоҳиятли зиё маскани сифатида халқ хўжалигининг турли соҳаларига юқори малакали кадрлар тайёрлаб, илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Сенат Раиси мазкур олий ўқув юртида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Олий ўқув юрти муассасаларида таҳсил олаётган талаба-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин билим олиши ва етук кадр бўлиб етишиши учун шароитлар яратиш муҳим вазифалардан саналади. Айни кунларда университетда юртимизда ягона бўлган «Болажон» инновацион маркази фаолият кўрсатаётган бўлиб, кичик ва мактабга тайёрлов гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган. Т. Норбоева марказнинг фаолиятини кўздан кечириб, болажонларга яратилган шароитларни юқори баҳолади. Хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги мазкур ташаббус бошқа ўқув юртларига тажриба бўлишлигини билдирди.
Бугунги кунда университетда 13 мингдан зиёд хотин-қизлар таълим олмоқда. Уларнинг 2 минг нафарга яқини оилали. 700 нафардан ортиқларини эса уч ёшдан ошган фарзандлари бор. Улар бемалол фарзандларини «Болажон» инновацион марказига бериб, кўнгли хотиржам билим олишларининг имконияти яратилган.
– Марказ талабаларга шароит, олимлар ва тадқиқотчиларга тажриба, –дейди Танзила Норбоева. – Мактабгача таълим йўналишида таҳсил олаётган талабалар амалиёт ўташлари мумкин. Кузатишлардан маълумки, талаба қизларимиз оилали бўлиб, фарзанд кўрганидан сўнг олий ўқув юртидаги ўқишида муаммолар пайдо бўлади. Мазкур маскан эса айни уларнинг дилидаги иш бўлибди.
Шунингдек, бу ердаги «Гендер тенглик масалалари тадқиқот маркази» ҳам ишчи гуруҳда катта таассурот қолдирди. Мазкур марказ Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан ўтган йил декабрь ойида ташкил этилган бўлиб, аёллар ҳуқуқлари камситилиши ва гендер тенгликни таъминлаш борасида ишлар олиб бормоқда. Гендер тенглиги, хотин-қизлар бандлиги, ижтимоий ҳимоя йўналишида илмий-тадқиқот фаолиятини йўлга қўйиш, соғлом турмуш тарзи тарғиботи кабилар бўйича лойиҳалар шакллантирилган. Бу борада марказ Фарғона вилояти мактабгача таълим бошқармаси, хорижий давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда тадқиқотларни бажармоқда.
Танзила Норбоева хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини янада кучайтириш, уларни илмий-тадқиқот ишларига кенгроқ жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, Марказий Осиёдаги олий ўқув юртлари билан мазкур йўналишда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидлади. Гендер тенгликни таъминлаш масаласида халқаро анжуман ташкил этиш таклифи билдирилди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА