Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Техник жихатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида халқ хўжалигида лифтлардан фойдаланиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманди Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси бош бошқарма бошлиғи О.Жўраев мавзуга доир маъруза қилди. Хусусан, маърузачи қўмита томонидан ўтган даврда Ҳукумат топшириғига мувофиқ, республикамизда кўп квартирали уйлар ва аҳоли гавжум бўладиган бошқа объектларда лифтлардан фойдаланиш ҳолати ўрганилганини қайд этди. Ўрганиш ва таҳлилларга кўра, лифтлардан фойдаланишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, республикада ишлаб чиқарилаётган ва импорт қилинаётган лифтларни давлат стандартлари ва хавфсизлик талабларига мувофиқлигини назорат қилиш тизимида бир қатор муаммолар мавжудлигини таъкидлаб ўтди.
2022-2024 йиллар давомида республикамизга импорт қилиниб, янги фойдаланишга топширилаётган кўп квартирали уйларда ўрнатилган 983 та лифтни ўрнатган ташкилотлар томонидан монтаж ишларида камчиликлар бартараф этилмагани, 102 та лифтда монтаж ишлари охирига етказилмагани ва мувофиқлик сертификати олинмагани маълум қилинди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги масъул ходими Х.Шодиев маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 июндаги “2021-2027 йилларда республикадаги кўп квартирали уйларнинг лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 602-сонли қарори ва норматив ҳужжатларига асосан кўп квартирали уй-жойлардаги лифт ускуналарида давлат дастурларини амалга ошириш, лифтларни эксплуатация жараёнида мониторинг олиб бориш вазифалари белгиланган.
[gallery-21061]
Жумладан, республикадаги 4 минг 427 та кўп квартирали уйда 11 минг 428 та лифт ускуналари мавжуд бўлиб, шулардан 11 минг 70 таси одам ташишга, 358 таси юк ташишга мўлжалланган. Ушбу уй-жойлардаги эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ва маънан эскирган лифт ускуналарини янгилаш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Тасдиқланган дастурларга асосан 2021-2023 йилларда 1 минг 686 та лифтлар янгиланиб, 84 та лифт ускуналари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирланди.
Шунингдек, 2024 йилда жами 528 та лифт ускуналарини янгилаш ишлари якунланмоқда. Айни пайтда кўп квартирали уйлардаги лифт ускуналаридан самарали фойдаланиш, уларни сақлаш ва лифтлардан хавфсиз фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишнинг янги механизмларини жорий қилиш, шунингдек, аҳолининг лифт ускуналарига нисбатан дахлдорлик ҳиссини ошириш мақсадида “Хавфсиз лифт” ягона идоралараро платформаси ишлаб чиқилди.
Платформа ишга тушгандан сўнг республикадаги барча лифтларни реал вақт режимида мониторинг қилиб бориш ҳамда замонавий диспетчерлик хизмати кўрсатилиши йўлга қўйилади. Келгуси йиллар давомида республикадаги 2 минг 1 та лифтни янгилаш ҳамда 382 та лифтни таъмирлаш ишлари олиб борилади.
2024 йил май-ноябрь ойларида 727 дона импортдан келтирилган лифтни сертификатлаштириш бўйича аризалар келиб тушган бўлиб, шундан 288 дона (39 фоиз) лифтга 124 та сертификат расмийлаштирилган. Қолган 439 дона (61 фоиз) импортдан келтирилган лифт техник регламент талабларига номувофиқлиги сабабли сертификатлашга тақиқ қўйилган. Норматив-хуқуқий хужжатларни тартибга солиш борасида лифтларнинг назорат тизимига замонавий ёндашувларни жорий этиш мақсадида Европа Иттифоқи тажрибаси асосида “Лифтларнинг хавфсизлиги тўғрисида”ги техник регламент ва “Лифтларни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш” тартиби лойиҳаси ишлаб чиқилиб ва Вазирлар Маҳкамасига киритилган.
Ишлаб чиқилган тартиблар жорий этилиши натижасида ҳар бир лифт тури тасдиқланади ва электрон дастур орқали рўйхатга олинади. Тайёр лифт маҳсулотлари сифати, хавфсизлиги, уларнинг мувофиқлигини баҳолаш ҳамда доимий ишлашини таъминлаш бўйича жавобгарлик ўрнатувчи ташкилотларга юклатилади.
Дастлабки ва даврий техник кўрик тизими жорий этилади, техник кўрикдан ўтказувчи ташкилотлар аккредитация тизими орқали назорат қилинади.
Шунингдек, импорт қилинган лифт компонентлари (эҳтиёт қисмлар) мувофиқлиги ҳар бири алоҳида баҳоланади ва импортга рухсат берилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА