Жиззах вилоятида крипто-активлар айланмаси соҳасида қонун талабларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмоқда. Вилоят Ички ишлар бошқармаси Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида лицензиясиз равишда крипто-активлар олди-сотдиси билан шуғулланган икки нафар шахс фош этилди.
Маълум бўлишича, Шароф Рашидов туманида яшовчи, 2005 йилда туғилган фуқаролар турли рақамли платформалар орқали тегишли рухсат ҳужжатларисиз крипто-активлар билан операциялар амалга ошириб келган. Хусусан, улардан бири хорижий крипто-биржа иловасида очилган аккаунт орқали, иккинчиси эса “Telegram” ижтимоий тармоғидаги махсус бот воситасида USDT, TON ва NOT туридаги крипто-активларни олиш, айирбошлаш ҳамда ўтказиш билан шуғулланган.

Текширувлар натижасида ушбу шахслар томонидан бир неча ой давомида жами қиймати қарийб 30 миллион сўмга тенг крипто-активлар билан операциялар ўтказилгани аниқланди. Бу эса Ўзбекистон Республикасида крипто-активлар айланмаси соҳасида хизмат кўрсатувчи провайдерлар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги талабларнинг қўпол равишда бузилганидан далолат беради.
Мазкур ҳолатлар жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судида кўриб чиқилиб, айбдор шахслар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 155¹⁴-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди. Суд қарорларига кўра, уларга нисбатан маъмурий қамоқ жазолари тайинланди.
Мутахассислар таъкидлашича, крипто-активлар билан боғлиқ операциялар юқори молиявий хатарларга эга бўлиб, уларни фақат қонун доирасида ва тегишли лицензияга эга субъектлар орқали амалга ошириш мумкин. Акс ҳолда, бу нафақат маъмурий ёки жиноий жавобгарликка, балки фуқароларнинг молиявий манфаатларига жиддий зарар етказиши мумкин.
Айниқса, ёшлар орасида крипто-активларни “осон даромад манбаи” сифатида қабул қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани ташвишли. Мутахассислар бу борада ҳуқуқий саводхонликни ошириш, рақамли молия соҳасидаги қонунчилик талабларини кенг тушунтириш муҳимлигини таъкидламоқда.
Қонунга риоя этиш — рақамли иқтисодиёт шароитида ҳам барқарор ва хавфсиз фаолиятнинг асосий шарти ҳисобланади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири