Қонунчилик ҳужжатлари миллий базасига 2016 йилда бир ойда 200 минг киши ташриф буюрган бўлса, ҳозирги кунга келиб Lex.uzдан фойдаланувчилар сони 1,5 миллионга етди.
Бу рақамлар Адлия вазирлиги томонидан Миллий матбуот марказида қонунчилик ҳужжатлари моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилди.
Аҳолининг визуал ахборотни тез ва осон қабул қилиши инобатга олиниб, Адлия вазирлиги томонидан кенг жамоатчиликни қийнаб келаётган муаммолар ҳамда энг кўп берилаётган саволларнинг ҳуқуқий ечимлари бўйича масъул давлат органлари мутахассислари билан биргаликда 200 дан ортиқ махсус видеороликлар ишлаб чиқилиб, видеотека шакллантирилди ва YouTube ижтимоий тармоғига жойлаштирилди.
140 дан ортиқ муҳим қонунчилик ҳужжатлари бўйича тарғибот материаллари тўплами тайёрланиб, давлат органлари ва ташкилотларига етказилди. Ҳаётий муҳим масалалар бўйича ҳуқуқий қўлланмада 5 минг нусхада, Болалар учун юридик энциклопедия ва Ёшлар учун юридик энциклопедиялар ҳар бири 2000 нусхадан жами 4000 ададда китоб шаклида чоп этилди ва шартнома асосида тарқатилмоқда.
Шунингдек, 2 миллиондан ортиқ ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш мақсадида республика бўйича “Ватан тақдири – менинг тақдиримда” мавзусида семинар-тренинглар ҳамда бошқа йирик тадбирлар (акция, флешмоб, фестиваллар) ташкил этиб келинмоқда.
Тарғибот материалларини тайёрлашда “пакет” усули жорий этилиб, жамият ва давлат ҳаёти учун муҳим қонунчилик ҳужжатлари бўйича аннотация, слайд, инфографика, видеоролик шаклида материаллар яратилмоқда. Бу усул орқали тарғибот тадбирлари жонли мулоқотга айланиши, аҳолининг қизиқиши ортишига эришилмоқда.
Бундан ташқари, аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш, айниқса сайлов қонунчилигига оид ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, сайлов қонунчилигини тушунтириш бўйича содда, равон ва халқчил тилда визуал материаллар, видеороликлар тайёрланиб тарқатилди.
Ҳуқуқ устувор бўлган жамиятни барпо қилишда жамиятдаги, айниқса мансабдорларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражаси ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Шу сабабли, ҳуқуқий онг ва маданият борасида қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп.
Тадбирда айнан ушбу йўналишдаги ишларни кучайтириш бўйича зарур ишлар амалга оширилиши айтиб ўтилди.
Адлия вазирлиги масъуллари иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.
Н.Абдураимова, ЎзА