Uzbekistan Airways компанияси Чехияда ишлаб чиқарилган LET L-410 русумли иккинчи енгил самолётни қабул қилди. Ушбу самолёт Ўзбекистоннинг Зомин, Зарафшон, Шаҳрисабз, Сўх ва бошқа шаҳарларига парвозларни амалга оширади.
Янги самолётнинг парвоз хусусиятлари ҳар томонлама пухта текширувдан ўтказилганидан сўнг Чехиянинг Куновице шаҳридан ҳавога кўтарилди. Самолёт ёқилғи қуйиш учун Болгария, Туркия, Арманистон, Озарбайжон ва Туркманистонда оралиқ қўнишларни амалга оширди.
LET L-410 турбовинтли самолёти 19 йўловчига мўлжалланган бўлиб, у деярли ҳар қандай турдаги учиш-қўниш йўлаги, жумладан узунлиги 510 метр ва ундан юқори бўлган ўта қисқа йўлакларда ҳам учиш ва қўнишларни амалга ошира олади.
Бортдаги электрон жиҳозлар замонавий коммуникация ва Garmin GPS навигация тизимлари билан жиҳозланган.
Эслатиб ўтамиз, бу русумдаги биринчи самолёт Тошкентга июль ойининг ўрталарида олиб келинган эди. Ҳозирги кунда унда пойтахтимиздан Самарқанд ва Зоминга парвозлар амалга оширилмоқда.
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА.