Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китоби тақдимоти ўтказилди
Таниқли журналист ва олим, таржимон ва драматург Лазиз Раҳматов ижоди, илмий ва журналистик фаолиятининг энг аҳамиятли жиҳати – глобал сиёсий-географик жараёнлар, халқаро тажрибалар ва ижтимоий масалаларни илмий ва илмий-оммабоп тарзда кенг китобхонлар оммасига етказиб бериши билан диққатга сазовор.
Тошкентдаги “Profi University”да Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, cиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори ва таниқли журналист Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
2026 йилда янги нашр этилган ушбу китобда мамлакатлар ҳақида асосий маълумотлардан тортиб, бошқарув шакли, маъмурий бўлиниши, жойлашуви, табиати, тарихи ва иқтисодиёти батафсил ўрин олган.
Глобал дунёда тобора авж олаётган беқарорликлар туфайли ҳар бир мамлакат ўз бошидан кечираётган турли синовлар, янги ҳукуматларнинг янгича сиёсатлари, ташқи сиёсати, Ўзбекистон билан ўзаро муносабатлари, эътиборга молик қизиқарли маълумотлар ҳам нашрга киритилган.
Салкам 1 минг 200 варақдан иборат ва алифбо тартибида жой олган 241 та мамлакат, ўзини ўзи бошқарувчи ҳудудлар акс этган ва мингга яқин рангли расмлар бор.
- Дунё бир гўзал хилқат, – деди китоб муаллифи Лазиз Раҳматов. – Инсон сайёрамиз ажойиботларини, башариятнинг турфалигини танигани сари, англагани қадар янада кўпроқ тафаккур қилишга ошиқади. Аввалги китоб 2019 йилда нашр этилган эди. Ўтган йиллар давомида у Янги Ўзбекистоннинг жаҳонга очиқлик сиёсати руҳи ўлароқ янада бойитилди. Замонавий дунё – илмлар-билимлар дунёси. Албатта бундан кейин уни ҳар йили янгиланган форматда ўқувчиларга тақдим этиш ниятидаман.
– Китобнинг яна бир янгилиги, ўқувчиларга фойдаланиш қулай бўлиши учун илк бор электрон форматда ҳам тақдим этилмоқда, - деди юридик фанлари доктори, профессор, нашрнинг таҳрир ҳайъати аъзоси Бобоқул Тошев. – Қолаверса, ёшлар ўртасида мега-танлов эълон қилингани уларнинг қизиқишини янада оширади. Энди китобхонлар “Дунё мамлакатлари”нинг мутолааси орқали бутун дунёни янгидан кашф этиш билан бирга, қимматбаҳо совғаларни қўлга киритиши, унутилмас саёҳатларга чиқиши ҳам мумкин. Ушбу танловдан кўзланган асосий мақсад, ҳеч шубҳасиз, юртимизда китобхонлик маданиятини ошириш, талабаларга фойдали маълумот ва билимлар тарқатиш орқали оламни теран англашга ундашдир.
Танловда @kitobtargibot боти орқали еттидан етмиш ёшгача фуқаролар қатнашиши мумкин. Ғолиб бўлган 1-6-ўрин соҳиблари Туркия, Миср ва Вьетнам каби мамлакатларга бепул саёҳат йўлланмасини қўлга киритади. Юқори ўнталикка кирган иштирокчиларга 1 миллиондан 5 миллион сўмгача пул мукофотлари берилади. 100-ўрингача бўлган иштирокчилар ва 150 нафар фаол қатнашчи махсус совғалар ва китоблар тўпламига эга бўлишади.
Шунингдек, лойиҳанинг кенг тарқалишига ҳисса қўшган энг фаол тарғиботчиларни ҳам алоҳида мукофотлар ва китоблар туҳфаси билан рағбатлантириш мақсад қилинган.
Тадбирда иштирок этган олимлар, таниқли шоир ва ёзувчилар дунёдаги барча давлатларни ўрганиш аҳамияти ҳақида сўзлашди.
Айтиш керакки, Лазиз Раҳматов 1981 йил 21 апрелда Қашқадарё вилоятида туғилган. 2002 йилларда Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини (бакалавр), 2011 йилда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини (магистр) тамомлаган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини ҳимоя қилган. “Шуҳрат” медали соҳиби.
Турли йилларда “Фидокор” газетаси, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги - ЎзА ва “Жаҳон” ахборот агентлиги, Президент Администрацияда масъул лавозимларда ишлаган. 10 га яқин илмий қўлланма, пьеса ва китоблар муаллифи. Республика миқёсидаги “Қанот” лойиҳаси муаллифи.
Н.Усмонова, ЎзА