“Лазги” музейи – миллий санъатимизнинг янги маскани
Хабарингиз бор, жорий йил 17 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи доирасида Урганч шаҳридаги “Lazgi” музейи очилиб, ўз фаолиятини бошлаган эди.
Мазкур музейнинг ташкил этилиши Хоразмнинг бой маданий мероси, миллий санъати ва асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ноёб қадриятларини асраб-авайлаш ҳамда уларни замонавий усулларда кенг жамоатчиликка етказиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
“Лазги” шунчаки ўйноқи рақс эмас, унда бой тарих ўз ифодасини топган. Уч минг йиллик тарихнинг бугун билан боғланган кўриниши мазкур музейдан ўрин олган.

Замонавий музей биноси 29 миллиард сўм маблағ эвазига қурилди. Ўн олтита иш ўрни яратилди.
Ўндан ортиқ бўлимларига эга бўлган музейда қадимги палеолит давридан бошлаб Хоразм санъати, тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш мумкин.
– 2019 йилда “Лазги” рақси ЮНЕСКОнинг номоддий маънавий мероси рўйхатига киритилган бўлса, музейнинг барпо этилиши давлатимиз раҳбарининг Хоразм санъатига бўлган меҳрлари натижаси деб биламан, – дейди музей директори Камрон Саидов. – Тарих фани асосчиларидан бири бўлган Геродот бундан 2500 йил аввал “ОКС”(Амударё) дарёси бўйида Хоразмийлар олов ёқиб, гулхан атрофида рақсга тушганликларини ёзиб қолдирган. Бу ерда шунга ўхшаган қизиқарли, тарихий фактлар жуда кўп.

Қайд этиш керакки, музейда “Лазги”нинг тўққизта турига бағишланган экспозицияларни учратиш мумкин. Ушбу экспонатлар ушбу рақснинг қайси даврларда, қандай шакллангани тўғрисида маълумот беради.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири