Лайма Владсон Туркияда бош совринни қўзламоқда
Халқаро теннис федерацияси томонидан Туркияда аёллар ўртасида W35, Шри-Ланкада эса ўсмирлар ўртасидаги J30 таснифига кирувчи мусобақа ўтказилмоқда. Ушбу турнирларда мамлакатимиз шарафини Лайма Владсон ва Ҳамиджон Мансуров ҳимоя қилмоқда.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, Анталия шаҳри мезбонлик қилаётган хотин-қизлар ўртасидаги халқаро турнирда Лайма Владсон яккалик баҳсларнинг илк босқичида грузиялик София Шапатовани 6:4, 6:0 ҳисобида таслим этди ва иккинчи даврада италиялик Женнифер Руггерига қарши кортга чиқадиган бўлди.
Ҳамиджон Мансуров эса Коломбода давом этаётган ўсмирлар ўртасидаги мусобақанинг жуфтлик баҳсида кореялик шериги Юнҳо Парк билан тандемда ярим финалга чиқди.
Дарвоқе, Ҳамиджон ва Юнҳо биринчи босқичда япониялик Кеншин Сато ва хитойлик Боши Вангни 6:4, 0:6 ва 11:9 ҳисобида таслим этган бўлса, чорак финалда австралиялик Суяш Макесар ва япониялик Асаҳи Ямазаки дуэтини 4:6, 6:3, 10:8 ҳисобида енди. Финал остонасида Хитой Тайпейи вакили Бинг Ҳуан Тсаи ва хитойлик Ю Тинг Ву жуфтлиги билан куч синашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА