Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, фуқароларни ҳақорат қилиш, уятли сўзлар билан сўкиш каби майда безорилик ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Эндиликда мазкур ҳолатлар учун маъмурий жарима қўллаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, айрим фуқаролар, айниқса, ёшлар томонидан ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари учун турли контентлар олиш, “лайк” тўплаш, саҳифаси аъзоларини кўпайтириш мақсадида турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликларни содир этиб, уни тасвирга туширган ҳолда интернетда тарқатиш ҳолатлари ҳам кўпайиб бормоқда. Бундай ҳуқуқбузарликларни, белгиланган тартиб-қоидаларни менсимасликни тарғиб этганлик учун ҳам жарималар белгиланмоқда.
Бу борадаги нормалар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишга оид қонун лойиҳасида белгилаб қўйилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида қизғин муҳокама қилинди.
[gallery-27431]
Бундан ташқари, депутат Хушвақт Ҳайитовнинг қайд этишича, гаровга қўйилган мол-мулкни ўзлаштириб олиш, талон-торож ва растрата қилиш ҳолатлари учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Айниқса, банклар ва кредит ташкилотларидан олинган кредит ёки қарзнинг кафолати сифатида гаровга қўйилган мол-мулкни ўзлаштириш ҳолатлари содир этилмоқда. Эндиликда бундай ҳолатлар учун ҳам жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳага кўра, хориждаги қуролли тўқнашув ва уруш жараёнларига фуқароларни жалб этишни тарғиб қилувчи хатти-ҳаракатларни содир этган фуқаролар ҳам жавобгарликка тортилади.
Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари мазкур қонун лойиҳаси муҳокамаларида лойиҳа банд солинган ёки гаровга қўйилган мол-мулк эгалари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишининг олдини олиш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларни тарғиб қилувчи материалларнинг оммавий ахборот воситалари ва Интернет орқали тарқалишига чек қўйишга қаратилганини таъкидлади.
Бир қатор савол ва таклифлар ўртага ташланиб, бугун ахборот технологиялари кенг ривожланган бир даврда ушбу нормаларнинг муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА