Лаванда – гўзаллик ва нафосат ифори
Айни пайтда “Mehrigiyo” масъулияти чекланган жамияти томонидан 40 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа доирасида 500 гектар майдонда доривор ўсимликлар етиштириш ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Наманганда давом этаётган 65-халқаро “Гуллар фестивали” доирасида Поп туманидаги лавандазорларга уюштирилган пресс-турда вилоятдаги марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этди.

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботирхон Нуриддинов бу йилги гуллар байрами мазмунан янада бойиб, Гиннеснинг рекордлар китобига киритилгани, янги туризм локациялари шаклланаётгани, хусусан “Лаванда сайли” анъанавий тадбирга айланиб бораётганини таъкидлади.

Пресс-тур иштирокчилари доривор ва хушбўй ўсимликлар етиштирилаётган кенг майдонлар билан танишиб, лаванда парвариши, қайта ишлаш жараёнлари ҳамда унинг иқтисодий самарадорлиги ҳақида батафсил маълумот олди. Мутахассисларнинг қайд этишича, лаванда бир марта экилганидан сўнг узоқ йиллар давомида ҳосил берадиган, юқори қийматга эга экспортбоп экин ҳисобланади.

Айни пайтда “Mehrigiyo” масъулияти чекланган жамияти томонидан 40 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа доирасида 500 гектар майдонда доривор ўсимликлар етиштириш ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Бепоён тоғ ёнбағирларида барпо этилган лавандазорлар фестиваль меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди. Бинафша рангга бурканган далалар нафақат табиий гўзаллиги, балки фотосуратлар учун ўзига хос манзил сифатида ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Тадбир доирасида концерт дастури ҳам намойиш этилди. Лаванда ифорига бурканган Поп заминида ташкилланган бундай оммавий сайллар Наманганнинг туризм салоҳиятини кенг намоён этиш, агротуризмни ривожлантириш ва ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА