Ҳар йили куз-қиш мавсуми кириб келиши билан мамлакатимиз ҳудудларида коммунал хизматлар ва ижтимоий инфратузилмани барқарор фаолиятини таъминлаш учун кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилади.
2025-2026 йилларга мўлжалланган дастурлар доирасида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида аҳоли яшаш жойларининг инфратузилмасини такомиллаштириш ва барқарор ишлашини таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда. Бу чора-тадбирлар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилган.

Жумладан, Қашқадарё вилоятида ҳам ижтимоий соҳа объектларида куз-қишга тайёргарлик кўриш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Бунинг бир кўрсаткичи сифатида “Ҳудудгаз Қашқадарё” газ таъминоти филиали томонидан амалга оширилаётган тизимли ва мукаммал ишларни айтиш мумкин.

Аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида 18,8 километр газ тармоқлари таъмирланиб, 136 дона газ тақсимлаш қурилмалари реконструкция қилинди. Газ қувурлари ҳаво босими остида синалди ва махсус приборлар ёрдамида текширилди. Жами 388,6 километр газ қувури сифат ва хавфсизлик нуқтаи назаридан таҳлил қилинди. Бундан ташқари, 296,1 километр газ қувури эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди. Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида 22 минг 125 дона босим ростлагич ўрнатилди, бу эса хонадонларда газ таъминотини сезиларли даражада яхшилашга имкон берди.

Ҳудуддаги 400 дона газ тақсимлаш пунктлари демонтаж қилиниб, технологик йўқотишлар 1,4 миллион метр кубга қисқартирилди. Шунингдек, қувурлар, зулфинлар, газ жўмраклари ва пайвандлаш ускуналари учун зарур эҳтиёт қисмлар таъминланди. 36 та авария тиклаш гуруҳи ва 30 та автотранспорт воситаси тўлиқ тайёргарлик ҳолатига келтирилди.

Қарши шаҳрида ҳам ушбу ишлар кенг кўламда давом этмоқда. 82 километр газ тармоғи ва 55 дона газ тақсимлаш қурилмаси таъмирланди. Газ қувурлари ҳаво босими остида ва махсус приборлар билан синаб чиқилди, эстетик жиҳатдан янгиланди. 7 минг 759 дона босим ростлагич ўрнатилди ва 471 дона газ тақсимлаш пунктлари демонтаж қилинди.
Масалан, Қарши шаҳрининг “Қарлиқхона” маҳалласида газ тармоқларини реконструкция қилиш жараёнида кўҳна қурилмалар олиб ташланиб, замонавий босим ростлагичлар ўрнатилмоқда. Йирик таъмир ишлари доирасида ер остидаги эски газ қувури янги, сифатлисига алмаштирилди. Бу ишлар натижасида технологик йўқотишлар камайтирилиб, барча хонадонларда газ таъминоти барқарорлаштирилди.
Шунингдек, “Косонтумангаз” филиали томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Манзилли дастур асосида Арабхона ва Регзор маҳаллаларида 900 ва 1100 метр янги газ қувурлари ўрнатилмоқда. Месит, Пахтазор, Лолазор ва Дўстлик маҳаллаларида газ тармоқлари зичликка синалиб, ҳаво босими ёрдамида тозаланди. Шунингдек, юқори ва ўрта босимли тақсимлаш қурилмалари техник кўрикдан ўтказилди.
Шу тариқа, амалга оширилаётган ишлар нафақат қишни талафотсиз, муаммосиз ўтказишга хизмат қилади, балки аҳолига сифатли ва хавфсиз энергия ресурсларини барқарор етказиб бериш имконини ҳам яратади. Бу эса мамлакатимиз коммунал хизматлар соҳасининг ривожи ва аҳолининг фаровон ҳаёти учун муҳим омил ҳисобланади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири