Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бошланди
“Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали томонидан 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари уюшқоқлик билан бошлаб юборилди. Ушбу жараёнда аҳолига табиий газни барқарор ва узлуксиз етказиб беришни таъминлаш асосий мақсад қилиб белгиланган.
Айни пайтда ҳудудларда реконструкция ишлари, газ тақсимлаш қурилмаларини капитал таъмирлаш, уларни тафтиш қилиш, демонтаж ишлари ҳамда бошқа зарур жараёнлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг шу даврига қадар мавсумга тайёргарлик доирасида вилоят бўйича 0,3 километр газ қувурлари реконструкция қилинди, 12 та газ тақсимлаш қурилмаси капитал таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, 138 та қурилма тафтиш қилинган бўлса, 36 таси демонтаж қилинди. Бундан ташқари, 31,7 километр газ қувурлари эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди.

Жорий йилда 9 397 та хонадонни уч босқичли тизимдан икки босқичли тизимга ўтказиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар қарийб 2,9 мингта хонадон мазкур тизимга ўтказилди.

Айни кунларда аҳолига сифатли табиий газ етказиб бериш мақсадида газ қувурларига фильтрлар ўрнатиш, газ тақсимлаш қурилмалари ҳамда газ қувурларини техник назоратдан ўтказиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири