Куз-қиш мавсумида ёқилғи ва энергия ресурслари етарли бўлиши керак
Хоразмда ёқилғи-энергетика бўйича вилоят штабининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Унда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026 йилда энергия самарадорликни янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳамда ўтган даврда вилоятда амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят прокурори М.Аҳмедов электромобилларни қувватлаш станцияларни ишга тушириш, электр энергияси ва табиий газни иқтисод қилиш, ногиронлиги бўлган уй-жойларда энерготежамкор ускуналарни ўрнатиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатиш, энергетика тизимидаги муаммоларни “Янгийўл тумани тажрибаси” асосида бартараф қилиш чораларини кўриш лозимлигини таъкидлади.

Шунингдек, йиғилишда дебитор қарздорликларни ундириш, ноқонуний ҳолатларни аниқлаш бўйича назорат тадбирларини ўтказиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига энергия ресурсларини барқарор етказиб берилишини таъминлаш ҳамда аниқланган камчиликларни қисқа фурсатда бартараф қилиш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири