Қарийб бир юз йигирма йилга яқин даврдан буён вилоят аҳолисига ҳамда меҳмонларига илму маърифат улашиб келаётган З. М. Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот -кутубхона маркази 1907 йилда 389 нусха китоб билан ташкил этилган. Ана шу ўтган давр мобайнида кутубхона биноси турли жойларга кўчирилди.
Кутубхонанинг бугунги биноси 1965 йилда қурилган бўлиб, бинода 2021 йилга қадар жиддий таъмирлаш ишлари олиб борилмаганлиги боис, кейинги йилларда бинонинг сув, канализация, иситиш, ҳавони янгилаб туриш тизимлари яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Президентимиз таклифи ва ташаббуси билан бино капитал таъмирланди. Бугун бу ерда китобхонлар учун зарур барча шароит яратилган, ушбу зиё маскани Андижоннинг энг гавжум масканларидан бирига айланган.
Кейинги йилларда Ахборот-кутубхона марказида фуқароларнинг кутубхонадан эркин фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, мавжуд китоб фондини сақлаш, китоб жамғармасини бойитиш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Натижада аҳолининг китобхонликка муносабати ижобий томонга ўзгармоқда, қолаверса, китобнинг обрўси ошмоқда.
Бугун кутубхона фондида 94 мингдан зиёд номдаги 900 минг нусхага яқин китоб, шунингдек, 325 мингга яқин китобнинг электрон шакли сақланмоқда. Бундан ташқари, 50 минг нафарга яқин китобхон марказ хизматидан мунтазам фойдаланиб келади. Ташриф буюрувчилар кунига ўртача 600-650 нафарни ташкил этади.
Китобхонларнинг китоб ўқиб, билим олиши учун ўқув заллари, электрон кутубхона бўлими, ёшлар билан ишлаш, ўлкага оид, ҳуқуқий адабиётлар секторлари, хорижий тилларни ўрганиш залларида барча шароитлар яратилган. Шунингдек, “Кутубхона иккинчи оилам” клуби ташкил этилган.
– Марказ китобхонларнинг талабларига асосан дам олиш кунисиз эрталаб 8.00 дан кеч 21.00 гача хизмат кўрсатади, – дейди Ахборот-кутубхона маркази директори ўринбосари Нигорахон Юлдашева. – Бундан ташқари, марказнинг китоб фонди мунтазам бойитиб борилмоқда. Ўтган 2022 йилда фондимиз 5 минг нусхадан зиёд янги китоб билан тўлдирилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида 4 минг нусхага яқин янги адабиётлар билан бойитилди. Ўтган йили 100 номда даврий нашрлар олган бўлсак, бу йил 167 номдаги мамлакатимиз ва хорижий даврий нашрга обуна ташкил этилди.
Китобхонлар орасида ўқувчи- ёшлар, талабалар, ишчи-хизматчилар, олимлар, ўқитувчилар, шоир ва ёзувчилар, уй бекалари ҳамда меҳнат фахрийлари бор. Уларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади.
[gallery-14570]
Президентимизнинг Андижон вилоятига, хусусан, кутубхонага ташрифидан сўнг ажратилган 1 миллиард сўм маблағ ҳисобига 243 нусха аҳоли қўлида сақланаётган нодир ва ноёб китоблар сотиб олинди. Буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси – нодир китоблар марказ фондидан жой олди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг таклифларидан келиб чиқиб, “Бобур кутубхонаси” маънавий-маърифий журнали таъсис этилиб, бир неча сони чоп этилди.
Китобхонларга масофадан хизмат кўрсатиш учун китобларни рақамлаштириш, электрон каталогни шакллантириш, маълумотлар ва тўлиқ матнли маълумотлар базалари ҳам яратилган. Электрон маълумотлар базаси орқали вақти бўлмай ёки бошқа сабабларга кўра, кутубхонага келолмайдиган китобхонларга масофадан хизмат кўрсатилади. Уларга қизиқиши ва сўровлари асосида интернет орқали зарур ахборотлар, электрон шаклдаги адабиётларни етказиб бериш йўлга қўйилган. Умуман, марказда турли лойиҳаларни амалга ошириш орқали аҳолини кутубхонага жалб қилиш, китобхонлар сафини кенгайтириш ва хизмат сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ва унинг тизимидаги 14 та ахборот-кутубхона марказлари фондларининг жамлаган электрон каталоги ва тўлиқ матнли электрон базаси марказга, вилоятдаги 6 та олий ўқув юрти ахборот-ресурс марказларига интеграция қилинганлиги китобхонлар, айниқса, талабалар учун жуда катта қулайликлар яратди. Энди нафақат вилоят ахборот-кутубхона маркази китобхонлари, балки олий ўқув юртлари талабалари ҳам масофадан туриб, электрон базадан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, Ахборот-кутубхона марказининг мобиль иловаси ҳам яратилди.
–Китоб инсоннинг энг яқин дўсти, кўмакчиси эканлигига ҳаётим давомида жуда кўп гувоҳ бўлганман, – дейди Андижон туманидаги 12- сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Дилафрўз Орипова. – Ўқувчилик давримдан буён ушбу кутубхонанинг аъзосиман. Ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, кўп китоб ўқиган киши ишда, оилада, жамиятда, албатта, ўз ўрнини топа олади. Зарур адабиётлар билан танишиш учун кутубхонага тез-тез келиб тураман. Ҳукуматимизга раҳмат, кутубхона капитал таъмирланди. Очиғи, бу ерда яратилган шарт-шароитлар бир неча ўн йиллар аввалги шароитдан ер билан осмонча фарқ қилади.
Ахборот-кутубхона марказида имконияти чекланган фуқаролар, якка тартибда шуғулланувчилар учун ҳам махсус хоналар ташкил этилган. Бундан ташқари, кутубхона қошида ташкил этилган кичик ёшдаги китобхонлар учун “Эртаклар яхшиликка етаклар”, “Ёш ижодкор” клублари ҳам самарали фаолият олиб бормоқда.
“Эртаклар яхшиликка етаклар” клуби лойиҳаси доирасида вилоятдаги кўплаб мактабгача таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шунингдек, ёшлар иштирокида марказда ўтказилаётган маънавий-маърифий, адабий тадбирлар, ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, уларнинг янги китоблари тақдимотлари ёшларнинг китоб ўқишга қизиқишларини оширишга, китобхон ёшлар сафини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Умуман, бугунги кунда вилоят ахборот-кутубхона маркази томонидан аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш, уларнинг мутолаа маданиятини оширишга қаратилган эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/V4XhtM1W7GQ" title="кутибхоа" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари