Шарль де Голль, Уинстон Черчилль, Франклин Рузвельт, Елизавета II, Ли Куан Ю...
Энди эса ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ!
Мендан Шавкат Мирзиёевнинг бугунгача эл-юртимиз олдидаги энг буюк хизмати нимадан иборат, деб сўрашса, ҳеч иккиланмай, Ўзбекистон ва халқимиз шаънини, обрўсини қайта жойига қўйганида, деб айта оламан. Зотан, кечагача миллатимизнинг ҳам, мамлакатимизнинг ҳам қиммати қандай бўлганини биз жуда яхши биламиз.
Ўзбекистон десанг, Покистон, Афғонистон ва яна бошқа ...истонлар номини тилга олиб, бевосита ёки жўрттага талмовсираб турадиган хорижликлар муносабатини кўп кўрардик ва бу бизнинг шаънимизни камситарди. Тил, миллий тилимизнинг аҳволи ҳақида-ку, умуман гапириб ўтирмаса ҳам бўларди. «Биз мустақил бўлдик», «Эркинликни қўлга киритдик», дея дўппимизни осмонга ирғитган, шоирлар тилида айтганда, истиқлолнинг ўтган чорак асрлик даврида ҳам маданий жиҳатдан тўлиқ мустақил бўлдик, деб айта олмаймиз. Масалан, миллий коднинг энг асосий унсури бўлган тил борасидаги сиёсатимиз эски замонларникидан кўп фарқ қилган эмас.
Тўғри, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди, амалда эса унинг мақоми ва функцияси худди мустабид замонларидагидек, образли қилиб айтганда, рўзғор тили даражасида қолиб кетаверди. Ўша ижодкорларимиз романтизмга берилган замонларда Давлат тили, деб эътироф этиладиган ўзбек тили на илм-фан, на-да сиёсат тилига айланди. Ҳатто, бу тилни жиддий масалалар мунозарасида ишлатиб бўлмайди, дегандай четроққа суриб қўйиб, халқаро муносабатларда ҳам, расмий доираларда ҳам анъанавий, «миллатлараро восита» лисонидан кенг фойдаланишга устунлик берилди...
Майли, ўтган кунлардан маломат қилиш бизнинг вазифамизга кирмайди. Айтаётган мулоҳазаларимиздан эса муддао ўзга. Яъни ҳар неники сифати зидди орқали маълум бўлади. Қолаверса, буюк ёзувчимиз айтганидек, тарихга қараб иш тутиш хайрлидир. Шу маънода гапирадиган бўлсак, бугунги Ўзбекистон, халқимиз туриш-турмуши, мамлакатнинг халқаро нуфузини кеча яшаган кунларимиз ёрқинроқ кўрсатади бизга.
Бир ўйлаб кўринг, кечагина миллий тил масаласини кўтарган зиёли ким деб аталарди? Катта эҳтимол билан миллатчи ёки камида жамиятда айирмачилик қўзғовчи бузмакор. Ва, энг оғриқли томони, колониал мафкура томонидан ўйлаб топилган ушбу тамға кўпчиликни ажаблантирмас, одамлар бунга ўрганиб ҳам кетганди.
Хўш, айни маданий стереотипларни синдириш учун қанча вақт ва журъат керак бўлади, деб ўйлайсиз? Тўғри, кўпчилигимизнинг «биз ҳали бундай сиёсий-маданий ислоҳотларга тайёр эмасмиз», «Давлат тили, яъни миллий тилга эътиборни кўтарсак, жамиятда носоғлом муҳит пайдо бўлиши мумкин. Бу даражага етиш учун ҳали анча қовун пишиғи бор», деганга ўхшаш сиёсий уйдирмаларни эшитавериб, қулоғимиз қотиб қолган. Аммо масала мутлақо бундай чигал эмас экан. Узоқ йиллар камситилган, нечинчидир даражаларга тушириб кўрсатилган тилимизнинг мақомини кўтариш учун фақат сиёсий лидер юраги шу халққа, Ватанга бўлган кучли муҳаббат билан уриб турса етарли экан.
Барчамиз яхши эслаймизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев замонавий Ўзбекистон тарихида илк бор 2020 йили БМТ минбаридан туриб ўзбек тилида нутқ қилди. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари бу масалада халқаро протокол тартиб-қоидаларини «бузиш»га ҳам ўзида журъат топа олди. Масалан, Президентимиз 2021 йилда Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан ўтказган расмий учрашувида анъанавий қонун-қоидани чеклаб, ўзбек тилида музокаралар олиб борди.
Бемалол «тарихий» деб айтиш мумкин бўлган айни маданий ислоҳот мақомидаги қадамлар ўзбек тилининг обрўсини юксакларга кўтарди. Буюк аждодларимиз гаплашган бу буюк тил баъзилар уқтирганидек, асло рўзғор ёки чучмал сериаллар тили эмас, балки халқаро минбарларда, давраларда жаранглашга қодир, қудратли, ўлмас ва шу билан бирга, «сиёсат тили» даражасига мутлақо муносиб эканини кўрсатди.
Мен сўзим аввалида бекорга Миллатимиз Лидерининг ўз халқи, Ватани олдидаги энг буюк хизмати юрт ва миллатнинг қадр-қиммати, шаънини кўтаргани, демадим. Зеро, у кишининг қалбидаги шу элга бўлган меҳри, халқига бўлган қайноқ муҳаббати билан шундай рутбага эришди, десам асло янглишмаган бўламан.
Табиийки, ҳар қандай мулоҳазанинг тагида бир сабаб бўлади, албатта. Мени ушбу мақолани ёзишга ундаган воқеа эса Президентимизнинг Францияга ташрифи доирасидаги ҳодисалар бўлди. Ҳа, сафар тафсилотларининг мен назарга олмоқчи бўлаётган жиҳатлари чиндан-да, ҳодиса, миллий давлатчилигимиз тарихидаги ноёб ҳодисалар мажмуаси десам, янаям тўғрироқ бўлади.
Ҳаммамиз кузатдик, ўқидик, кеча ижтимоий тармоқлар ҳам, миллий ОАВ ҳам бир-биридан қувончли хабарлар ва мулоҳазалар билан тўйингандай бўлди. Елисей саройида Президентимизни қабул қилган Франция президенти Эммануэль Макрон ўз нутқини ўзбекча лутф билан тугатди: «Яшасин Ўзбекистон, яшасин Франция! Яшасин Франция – Ўзбекистон дўстлиги!» Ва унинг айни мана шу каломи ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида «портлаш» эффектини юзага келтирди, десам нотўғри гапирмаган бўламан.
Оддий чўпондан тортиб, академиккача, олис тоғ, чўл овуллари ёки дунёнинг нариги бурчагида яшаётган қай бир ватандошимиз борки, барчасини бу ҳодиса мутаассир этди. Миллионлаб юртдошларимиз ушбу лавҳа ва Макроннинг ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифасига жойлаган ўзбек тилидаги айни «пости»ни ифтихор рамзи сифатида бир-бирларига улашишди.
Энди ўйланг, юқорида айтганимиздек, кечагина бозор-ўчар, бола-чақа билан муносабат қилишдагина ишлатиладиган тил, деб кўрсатиладиган, уқтириладиган ОНА ТИЛИМИЗга нафақат Европа, балки жаҳоннинг энг қудратли давлатларидан бирининг раҳбари ҳурмат кўрсатса, шу тилда тилак билдирса, бу ҳодисани миллий тарихимиздаги улкан эврилиш, демай яна нима, дейиш мумкин?!
Ахир Ўзбекистон бундан олдин ҳам бор эди. Илгарилари ҳам дунё давлатлари билан дипломатик алоқаларимиз йўқ эди, деёлмаймиз... Аммо бугун жаҳоннинг бизга бўлган қараши ҳам, муомаласи ҳам ўзгарди. Бу муносабатлар ўз-ўзидан бўлади, деб ўйлайсизми? Ёки ўзбекчилик, дегандай тўртта патир, новвоту қанд-қурс билан эришилади, деб хаёл қиласизми, бундай мартабага?!
Мен шундай тушунаманки, барчамизнинг кўнгилларимизни ёритган, ғуруримизни кўтарган бу маданий ҳодисалар Президентимиз иш бошлаган илк кунлариданоқ қалбига туккан улуғ ғоя – миллатнинг қадрини жойига қўйиш, унинг кимлигини дунёга кўрсатишдек қатъий олинган қарорнинг давомидир. Аслида барчамизнинг қалбларимизда ифтихор туйғулантирган бу воқеаларни бемалол сиёсий ирода ғалабаси, десак ҳам тўғри бўлади. Зотан, Европа иттфоқидаги ягона Атом қудратига эга, бундан ташқари, инсоният тамаддунидаги ўз салтанатчилик (империя) тарихига эга мамлакат Ўзбекистон билан сиёсий мулозаматларсиз муносабатни йўлга қўйди, десак масала ойдинлашган бўлар эди.
Тарихга назар ташласак, Ватанимиз билан ушбу давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар кўп қадим замонлар илгари йўлга қўйилганини кўришимиз мумкин. Манбалар шуни кўрсатадики, буюк бобомиз Соҳибқирон Амир Темур ўз вақтида Франция қироли Карл VI билан ёзишмалар қилган, расмий алоқа ўрнатган. Албатта, тарихимизнинг ўша шонли даврлари Ватанимиз қудратига берилган баҳо ҳозир ҳам киши кўнглини масрур қилади. Аммо у ўтмиш. Лекин ҳақиқат шундаки, нафақат Франция, балки у жойлашган бутун бошли «Кўҳна қитъа» Амир Темур давлатини ўша замон қудрати (держава), ўзини эса Европа халоскори, деб билишади. Хурсанд бўладиган жиҳат эса бунда: давлатчилигимиз, халқимиз закоси, миллий маданиятимиз дунёнинг олди давлатлари томонидан худди Темур замонларидагидек бугун яна тан олинмоқда.
Бундай дейишимга, албатта, етарли асосларим бор. Биринчидан, ташриф давомида икки томонни ҳам тўлиқ қаноатлантирадиган, манфаатларига мос тушадиган кўплаб ҳужжатлар, жумладан, улар орасида энг муҳимларидан бири бўлган икки давлат ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация қабул қилинди. Айни ҳужжат қандай кучга эга эканини сиёсатга унча яқин бўлмаган одам ҳам яхши тушунади.
Иккинчидан, ташрифнинг биз учун энг қувончли бўлган воқеаси, ўша машҳур Елисей саройида Макрон томонидан Президентимиз Франциянинг энг олий давлат мукофоти Фахрий легион ордени (fr. Légion d’honneur) билан мукофотлангани бўлди. 1802 йил 19 майда император Наполеон Бонапарт томонидан таъсис этилган айни мукофот бугунгача нафақат Францияда, балки дунёдаги энг нуфузли мукофотлардан бири бўлиб қолмоқда. Албатта, унинг ҳобрўси, мартабасини уни олган тарихий шахслар, сиёсатчилар, маданият ва санъат арбоблари ҳам белгилайди.
Ўз вақтида Франция президенти Шарль де Голль, Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилль, Микробиология асосчиси машҳур олим Луи Пастер, француз актёри Жан-Поль Бельмандо, ёзувчи, «Уч мушкетёр» асари муаллифи Александр Дюма, биринчи фазогир Юрий Гагарин, Жанубий Африка республикаси Президенти Нельсон Мандела, АҚШ президенти Франклин Рузвельт, Буюк Британия қироличаси Елизавета II, Сингапур Бош вазири Ли Куан Ю...
Қисқагина ушбу рўйхатга жиддий назар солсангиз, сафда бирорта тасодифий шахсни кўрмайсиз. Барчаси дунё сиёсати, маданияти, бир сўз билан айтганда, инсоният тамаддунига таъсир қилган лидерлар, инсонлар... Сиз ушбу юксак мукофотни ўзбекнинг чиройли қошу кўзига қараб берди, деб ўйлайсизми? Бу мартабага эришиш, юқоридаги жаҳон халқлари тан олган нуфузли рўйхатдан жой олиш учун жуда улкан меҳнат керак бўлади, азиз ўқувчи.
Ушбу мукофот Президентимизнинг нафақат мамлакатимиз, балки минтақамизда амалга ошираётган тарихий ўзгаришлар жараёни ижодкори сифатидаги иродали сиёсати натижаси, десак ҳақиқатни айтган бўламиз. Хусусан, шахсан Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли бугунга келиб Марказий Осиё ягона геосиёсий субъект сифатида эътироф этила бошланганини жуда кўп сиёсатчилар, таҳлилчилар ҳақли маънода эътироф этишмоқда.
Жумладан, минтақамиздаги бугунги жараёнлар ҳақида мунозара қиладиган сиёсатчию аналитиклар интеграцион жараёнларнинг самарадорлиги интеграция субъектларини ўз атрофида жипслаштира оладиган салоҳиятга эга давлатларнинг мавжудлиги билан боғлиқ, дея эътироф этишади. Ва айни вазифани уддалашга қодир бўлган минтақа давлати сифатида Ўзбекистон номини келтиришади. Жуда қисқагина ушбу таъриф ҳам Президентимизга дунёда юксак обрўга эга бўлган ушбу мукофот қандай хизматлари учун берилганни асослашга етади, менимча.
Бугун мени ёзишга ундаган нарса қалбимни ёндирган фахр-ифтихор туйғулари бўлди. Ҳа, бугун мен, сиз, барчамиз қувонишга, бир-биримизни қутлашга қутлуғ бир сабаб бор. Бу, муҳтарам Президентимизнинг Европа марказида туриб, давлатимиз, миллатимиз шаънини юксакларга кўтаргани бўлди. Шундай улуғ эътироф, мартаба барчамизга муборак бўлсин!
Фурсатдан фойдаланиб, Президентимизни, қолаверса, бутун халқимизни ўз сафларида етти миллион ватандошларимизни бирлаштирган Ўзбекистон касаба уюшмалари номидан қизғин қутламоқчиман:
Юксак мукофот муборак бўлсин, муҳтарам Президент!
Юксак мукофот муборак бўлсин, азиз ватандошлар!
Қудратилла РАФИҚОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси раиси