Кураш бўйича I Жаҳон ҳарбий челленжининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимизда 16 давлатдан келган ҳарбий спортчилар иштирокида кураш бўйича I Жаҳон ҳарбий челленжи старт олди.
Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳаммедов, Халқаро ҳарбий спорт Кенгаши (CISM) Бош котиби Роберто Реккия, Халқаро кураш ассоциацияси президенти вазифасини бажарувчи Зиёвиддин Хўжиниёзов, Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) биринчи вице-президенти, спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов ҳамда қатор расмий меҳмонлар иштирок этди.
Маросим мусобақада қатнашaётган давлатлар делегацияларининг тантанали паради билан бошланди. Бадиий дастурдан ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги чиқишлар, миллий куй-қўшиқлар, мамлакатимизнинг бой тарихи ва маданий меросини намоён этувчи саҳна композициялари ўрин олди.
Мусобақани расман очиб берган Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳаммедов кураш халқимизнинг мардлик, жасурлик ва ҳалоллик сингари юксак фазилатларини ўзида мужассам этган миллий спорт тури эканини таъкидлади.
Курашнинг 2025 йилда CISM томонидан расмий спорт тури сифатида тан олингани, мазкур челленжнинг эса Тошкентда илк бор ўтказилаётгани миллий спортимиз тараққиётида муҳим қадам экани қайд этилди.
CISM Бош котиби Роберто Реккия мазкур мусобақа курашнинг халқаро ҳарбий спорт тизимидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, челленж келгусидаги Бутунжаҳон ҳарбийлар ўйинларига тайёргарлик кўриш учун муҳим спорт майдони бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Очилиш маросимидан сўнг мусобақанинг биринчи куни доирасида финал беллашувлари ўтказилди. Олти вазн тоифасидаги ҳал қилувчи баҳсларда турли давлатлардан ташриф буюрган кучли ҳарбий спортчилар ғолиблик учун куч синашди.
[gallery-31397]
Ўзбекистонлик полвонлар иштирокидаги беллашувлар, айниқса, мухлисларда катта қизиқиш уйғотди. Мусобақа баҳслари томошабинларнинг олқишлари остида қизғин кечди.
Кун якунида ғолиб ва совриндорлар тақдирланиб, кураш бўйича I Жаҳон ҳарбий челленжининг илк чемпионлари аниқланди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА