“Kundalik.com” - бу рақамли таълим платформаси бўлиб, ўқувчиларнинг давомати ва ютуқларини журнал ҳамда кундаликнинг электрон шаклида юритиш имконини берган.
Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги матбуот хизматидан маълум қилишларича, янги ўқув йилидан эътиборан, “Kundalik.com” платформаси ўз фаолиятини “e.maktab.uz” сифатида давом эттиради.
Хўш, “e.maktab.uz”нинг қандай афзалликлари бор? Платформани ўзгартиришга нима сабаб бўлди?
Бу саволга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутахассиси Арслонбек Раҳмонқулов жавоб бери:
- “Kundalik.com” платформасида айрим камчиликлар бор эди. Нотўғри талқинларни бартараф этиш мақсадида “e.maktab.uz” платформасига ўтишга қарор қилинди.
Бу тизимни яратиш учун соҳа мутахассислари кўп изланиш ва ўрганишлар олиб борди. Тизим янада такомиллаштирилди ва замон талабларига мослаштирилди.
“e.maktab.uz” нафақат электрон кундаликни ва электрон журнални, балки ўқитувчилар учун “кундалик смарт” тизимини ҳам ўз ичига олган.
Бунда ўқитувчи уйга вазифа бераётганида рақамли таълим ресурсларидан фойдаланган ҳолда болаларни таълимга жалб қилиш учун кўпгина имкониятлардан фойдаланиши мумкин. Мисол учун, ўқитувчи ўқувчига уйга вазифани ўйин ёки мультфильм шаклида бериши ҳам мумкин.
Қайд этиш лозимки, “e.maktab.uz” платформасига ўтиш учун ижтимоий сўровномалар ташкил қилинди, жамоатчилик фикри ўрганиб чиқилди.
“e.maktab.uz” платформасига ўтиш ўқитувчини ортиқча қоғозбозлик ташвишидан озод этади. Шаффофликни таъминлайди. Энг асосийси, ота-оналар фарзандининг таълим олиш жараёнини назорат қилишга жалб қилинади. Ота-она бу мобил иловани юклаб олса, дунёнинг қайси нуқтасида бўлмасин, фарзандининг давоматини, баҳоларини ва эртанги дарс режаларини текшириш имконига эга бўлади.
Олдинги ҳолатда баҳоларни ўзгартириш, ўқувчи кундаликни йўқотиб қўйиш каби муаммолар кўп учраган. Энди “e.maktab.uz” платформасида бу муаммолар бўлмайди. Бу платформада ҳар бир ўзгартириш ўз изини қолдиради.
Янги баҳолаш тартиби ўқувчиларнинг умумтаълим фанларини ўзлаштиришини ягона стандартлар асосида баҳолаш тартибини белгилайди. Ўқувчиларнинг бирор бир фанни ўзлаштириши форматив ва сумматив баҳолаш турлари асосида баҳолаб борилади.
Форматив баҳолаш - бу ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги доимий фикр алмашиш, мулоқот қилиш жараёнидир. Форматив баҳолаш асосан ўқувчини йўналтириш, рағбатлантириш хусусиятига эга. Бу ўқувчига кўпроқ рағбат, мотивация беришга хизмат қилади.
Сумматив баҳолаш эса маълум бир боб якунида ўқувчи эгаллаши керак бўлган стандарт билим ва кўникмалар баҳоланади.
Сумматив ва форматив баҳолаш тизими таълими ривожланган деярли барча мамлакатларга жорий этилган бўлиб, бу тизим келгусида мактаб таълимида инсон омили, нисбий баҳо беришга барҳам бериш, ўқувчиларни ҳаққоний баҳолашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА