1919 йил (бундан 102 йил олдин) – минералог ва геокимёгар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби С.Бадалов таваллуд топди (вафоти 2014 йил). Унинг илмий ишлари Ўзбекистонда элементлар геокимёси, руда ҳосил қилувчи тизимларда элементларнинг намоён бўлиш хусусиятларини ўрганишга ҳамда рений ва осмийнинг провинцияларини аниқлашга бағишланган.
1963 йил (бундан 58 йил олдин) – Қарши чўлини ўзлаштириш тадбирлари расман бошланди. Қарши чўлида олий навли пахта етиштириш учун қулай имконият мавжудлигини билган собиқ совет маъмурлари бу ердаги қўриқ ва партов ерларни ўзлаштиришга жиддий аҳамият берди. Ўзлаштирилиши ва суғорилиши керак бўлган умумий майдон 1 миллион 306 минг гектарни ташкил қиларди. Ундан 435 минг гектар юқори зонада ва 871 минг гектар қуйи зонада жойлашган эди.
1991 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республика Олий Кенгашининг раёсати Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги тўғрисида қонун лойиҳасини тайёрлаш ҳақида фармойиш чиқарди.
1995 йил (бундан 26 йил олдин) – Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати билан ЮНEСКО ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.
1996 йил (бундан 25 йил олдин) – ЮНEСКО ҳомийлигида Самарқандда Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институтининг очилиш маросими бўлди. Бу тадбирда ЮНEСКОнинг Бош директори Федерико Майор иштирок этди.
1997 йил (бундан 24 йил олдин) – Самарқандда биринчи халқаро «Шарқ тароналари» фестивали бошланди. У 1 сентябрга қадар давом этди. Унда 30 дан ортиқ давлат вакиллари қатнашди.
2004 йил (бундан 17 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг «Экспорт назорати тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди.
2011 йил (бундан 10 йил олдин) – Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида илк марта юкори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоездининг қатнови йўлга қўйилди. Бу поезд соатига 250 км масофагача йўл босиб, Тошкентдан Самарқандгача бўлган 300 км масофани икки соатга яқин вақт ичида босиб ўтади.
2015 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди.
2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБEРДИЕВ тайёрлади
ЎзА