Кейинги икки йилда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий, маданий ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Шу даврда 1200 га яқин саноат корхоналари ташкил этилди.

ҲОКИМ МИНБАРИ

"Бухоронинг кўҳна ва боқий шаҳар, деб аталишида катта маъно бор. Бу ердаги қадимий обидалар, осори-атиқалар, халқимизнинг бетакрор қадриятлари, беқиёс анъаналари асрлар оша яшаб келмоқда. Чет элликларнинг, тарихшунос ва мутахассисларнинг уларга қизиқиши доимо юқори бўлган. Бундан унумли фойдаланиш керак."

Шавкат Мирзиёев

0 Buxoro viloyat xaritasi.jpgБухоро вилояти – ҳудуди 40,3 минг квадрат километрни ташкил қилади. Аҳолиси 1915,8 минг киши. Вилоят ҳудудида 11 та туман, 2 та шаҳар ва 544 та маҳалла фуқаролари йиғини бор. Навоий, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда қўшни Туркманистон давлати билан чегарадош вилоят маркази – Бухоро шаҳри.Вилоятда 70 дан зиёд миллат ва элатлар вакиллари истиқомат қилмоқда. 

0_Бухоро_вилоят_ҳокими_Ўктам_Барноев.jpg– Вилоят ҳокими сифатида Бухородаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол Сизни қониқтирадими? Айни пайтда вилоят аҳолисини қайси муаммолар қийнамоқда?

– Биласизми, оддий бўлиб туюлган бу савол муфассал жавоб беришни талаб этади. Айтиш керак, яқин ўтмиш йилларида ҳам Бухоро вилояти ижтимоий-иқтисодий ривожланишда мамлакатда эътирофли натижаларга эришган. Хусусан, вилоят деҳқонлари қийин иқлим шароитида, ерларнинг шўрланиш даражаси юқорилигига қарамай, омилкорлик билан пахта, ғалладан мўл ҳосил етиштириш тажрибасини ҳамма билади.

Лекин бозор иқтисодиёти ва давр талаблари ўлчовлари билан қаралса, вилоят иқтисодиётида бир қатор муаммолар бор экан. Буларни замонавий самарали, тежамкор технологиялар, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш ва модернизациялашга ўз вақтида етарли эътибор берилмаслиги, юзага келган бюрократик тўсиқларнинг оқибатлари, дейиш мумкин. 

Кейинги уч йилда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.

Буни вилоятимиз иқтисодиётининг хусусан, 2019 йилги якунларида ҳам яққол кўриш мумкин. Унга кўра, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида умумий қиймати 2,8 триллион сўмга тенг 360 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига қўшимча 365 миллиард саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилди.

Шуни таъкидлаш жоиз, Президентимизнинг ўтган йил 29-30 март кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқлари ижросини таъминлаш ва тақдимот қилинган янги лойиҳаларни амалга ошириш доирасида кўплаб корхоналар ишга туширилди. Масалан, енгил саноат йўналишида Қоракўл туманида “Қоракўл Асака текс” МЧЖ фаолият бошлади. Олот туманидаги “Мергантекс”да эса умумий қиймати 80 миллиард сўмлик модернизация лойиҳаси амалга оширилди. “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонасида инвесторлар томонидан 27 та лойиҳа ишга туширилди. Мазкур корхоналар 19 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни экспорт ҳам қилди.

“Бухоро кичик саноат зонаси”да 2019 йилда қиймати 14,2 миллиард сўмлик 9 та лойиҳа ишга туширилди. Умуман, кейинги йилларда мазкур ҳудудларда, жами 28 та лойиҳа амалга оширилди. Бунинг самарасида қарийб 500 нафар киши ишли бўлди. Таъкидлаш жоиз, вилоятнинг Қоракўл, Олот, Ромитан, Бухоро, Шофиркон, Вобкент ва Пешкў туманларида кичик саноат зоналарини ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.

1.jpgЯнги иш бошлаган корхоналар ва мавжудлари фаолиятини кенгайтириш, қувватларини ўзлаштириш ёки ошириш ҳисобига, вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми кўзда тутилганидек, 5,2 фоизга, саноат моллари эса мўлжалдагидан зиёд яъни 6,2 фоизга ўсиши таъминланди. 

Вилоятда кичик бизнесни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили 6260 дан зиёд тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Улар жами сони 19 минг 800 тадан ошди. Мазкур субъектларнинг янги лойиҳалари учун тижорат банклари томонидан жами 3 триллион сўмликдан зиёд кредитлар ажратилди. Ана шу ва бошқа омиллар самарасида кичик бизнес субъектларининг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 76 фоизга етди.

16-“Bukhara соttоn textile” корхонаси.JPG
“Bukhara соttоn textile” корхонасида иш жараёни

Яна бир муҳим жиҳат. Кўрилган таъсирчан ва самарали тадбирлар самарасида ишламай турган 1,4 минг корхона фаолияти қайта тикланди.

Маълумки, қаерда қулай инвестиция муҳити яратилган, сармоядорлар ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли кафолатланган бўлса, ўша ерда инвесторларнинг пул тикишга қизиқиши кучли бўлади. Уларнинг мамлакатимизга, жумладан, вилоятимизга ўз сармоясини киритишга астойдил интилишларини шу билан изоҳлаш мумкин.

Келинг, мисолларга мурожаат қилайлик. 2019 йилда вилоятда 71 та ҳудудий лойиҳа доирасида 255 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. 

Шу пайтга қадар инфаркт ва инсульт каби касалликларни даволашда қўлланиладиган коронар стентлар мамлакатимизга катта маблағ ҳисобига хориждан келтирилар эди. Эндиликда бундай маҳсулот, шунингдек, коронар баллонлар, диагностик катетер ва интродьюсерлар 2019 йил ноябрь ойида Бухоро шаҳрида иш бошлаган МЧЖ шаклидаги “Тибтехника” қўшма корхонасида тайёрланмоқда. У тўла қувват билан ишлагач, йилига 12 миллион АҚШ долларигача бўлган тиббий буюмлар экспорт қилинади.

6-“Bukhara соttоn textile” корхонаси.JPG
“Bukhara соttоn textile” корхонасида ип йигирилмоқда

Соҳадаги ижобий ўзгаришларда ҳафтанинг ҳар чоршанбасида вилоят ҳокимлигида ўтказиладиган Инвесторлар куни тадбирининг ҳам аҳамияти катта. Бунда хорижий сармоядорлар ёки уларнинг вилоятдаги ҳамкорлари ҳам иштирок этиб, ўз лойиҳаларини тақдимот қилиши яхши тажрибага айланди. Ўтган йили ўтказилган Инвесторлар куни тадбирларида умумий қиймати 1,4 триллион сўмлик ва 90 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳалар кўриб чиқилди. Уларнинг 42 таси 2019 йил якунига қадар ишга тушди.

Қишлоқ хўжалигидаги ютуқлар ҳам эътирофга лойиқ. 106 минг гектар майдонда деҳқончилик қилган пахтакорлар 320 минг 516 тонна “оқ олтин” етиштирди. Бу 2018 йилдагига нисбатан 24,6 минг тоннага кўп. Ҳосилдорлик 30,2 центнерни ташкил этди. Етиштирилган хом ашёнинг 53 фоизи янги инновацион тизим – 7 та пахта-тўқимачилик кластери ва 47 фоизи “Бухоро Агрокластер” МЧЖ – агрокластер корхонаси ҳиссасига тўғри келади.

2.jpgТаъкидлаш керак, пахтачиликда рентабеллик даражаси 25,3 фоизга етказилгани, 288 миллиард 959 миллион сўм фойда олингани деҳқонларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш имконини бермоқда. 

Фермер хўжаликлари 375 минг тонна дон етиштирди. Ғаллачиликда илк бор рентабеллик кўрсаткичи юқори даражага, яъни 44 фоиз фоизга кўтарилди, соф фойда эса 151 миллиард 81 миллион сўмга етди.

Шунингдек, 2019 йилда 2043 тонна пилла, 792,3 минг тоннадан ортиқ сабзавот, 275,8 минг тоннага яқин мева, 153,6 минг тоннадан зиёд полиз, 221 минг тонна картошка, 200 минг тоннадан кўпроқ гўшт ва бошқа маҳсулотлар етиштирилди.

1263 гектар майдонда интенсив усулда суғориш тизимлари жорий қилинди ва бунинг натижасида 1,5 миллион куб метр сув тежалишига эришилди. 699 гектар майдонда замонавий иссиқхоналар, 1001 гектар майдонда интенсив боғлар барпо этилди.

2019 йил дастурлар доирасида жами 286 та объектларда қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 

1-Бухоро шаҳридаги 30-МТТ.jpg
Бухоро шаҳридаги 30-МТТ

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш долзарб масалалар қаторда туради. Мазкур йўналишда ўтган йили 217 нафар кам таъминотли, эҳтиёжманд қатлам вакиллари, жумладан якка-ёлғиз аёллар ва боқувчисини йўқотган оилалар имтиёзли асосда уй- жойга эга бўлди. Уларга уй нархининг жами 4,2 миллиард сўм миқдоридаги бошланғич бадаллари ҳам тўлаб берилди.

Ҳа, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда анча ютуқларга эришилди. Агар саволингиз нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, қўлга киритилган муаффақиятлар мени асло қаноатлантирмайди. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Давр шуни талаб қилади. Ютуқларга маҳлиёлик хотиржамлик кайфиятини уйғота бошлайди. Эришилган ютуқ, бу аслида янги вазифаларга эришишда сабоқ ва тажриба.

Президентимиз Ўзбекистон халқига Янги йил табригида таъкидлаганларидек, биз миллий юксалишнинг муҳим босқичига қадам қўймоқдамиз. 2020 йилда ҳам иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни фаол давом эттирамиз. Бинобарин, вилоятимиз олдида катта марралар турибди. 

Таъкидлаш керак, жорий йилда ип калава ишлаб чиқарадиган йирик корхоналарни ишга тушириш, мавжудлари қувватини ошириш кўзда тутилган. Шу ўринда бир жиҳатга эътиборни қаратмоқчиман. Вилоятда тайёрланадиган пахта толасининг деярли ҳаммаси ўзимизда қайта ишланади.

3.jpgИнвестиция дастурига мувофиқ, 2020 йилда жами 388,5 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 90 та объектларни янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилади. Қишлоқ жойларда “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК буюртмачилигида 960 та, Бухоро ва Когон шаҳарларида эса 756 та кўп хонадонли уй-жой қурилиши режалаштирилган. Умуман, қурилиш кўлами ҳар қачонгидан кенгаяди. Бухоро шаҳрида 1800 савдо ўрнига эга бўлган ва Марказий Осиёда энг йирик гипермаркет ишга туширилади. 

83 гектар майдонни ўз ичига олган “Бухоро сити”да ҳам қурилиш жадал бошланади. Бу йирик бунёдкорлик лойиҳасига ва “Бухоро-агро” ЭИЗ га ҳамда бошқа ишлаб чиқариш йўналишларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини ошириш мақсадида 2019 йил март ойида “Bukhara Business Forum” Халқаро инвестиция форуми ўтказилади.

Маълумки, вилоятимиз катта экспорт салоҳиятига эга. Афсуски, биз ундан етарлича фойдаланилаётганимизча йўқ. Масалан, мева ва сабзавот, полиз маҳсулотлари, узум ҳосилини экспорт қилиш кўрсаткичи имконият даражасидан паст. Биз бундан сабоқ чиқарган ҳолда, жорий йилда экспорт масаласида туб бурилиш ясашимиз лозим.

2020 йилда ҳам ёшлар масалаларига, улар ижтимоий дахлдорлигини оширишга устувор аҳамият қаратилади. Бухоро шаҳрида “Президент мактаби”, мақом ва рақс мактаблари, Шофиркон туманида “Ёшлар маркази ташкил этилади. "Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида навқирон тадбиркорларнинг ташаббус ва лойиҳалар қўллаб-қувватланади.

Ижтимоий соҳанинг муҳим йўналиши бўлган соғлиқни сақлаш тизимига эътибор янада ошади. Жумладан, ихтисослаштирилган муассасалар асосида тиббиёт кластерларини ташкил этиш бўйича асослар яратилади. Осиё тараққиёт банки кредит маблағлари ҳисобидан 70 та қишлоқ оилавий поликлиникаси замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Ғиждувон, Ромитан ва Қоракўл туманларида туманлараро перинатал марказлар ташкил этилади.

XXL.jpg

Аҳолининг ҳаётий эҳтиёжлари ва муаммоларини ўрганиш, долзарб масалаларни ҳал этиш, ҳаётдан рози қилиш барча даражадаги раҳбарларнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Бу борада бевосита жойларда халқ билан мулоқотда бўлишнинг ўрни бўлакча. Шунинг учун ҳам Халқ қабулхоналарида мулоқотлар, секторлар раҳбарлари иштирокида жойларда сайёр қабуллар, айниқса, аҳоли билан учрашувлар ўтказиш тажрибаси кенгайтирилади.

Албатта, йиллар давомида тўпланиб қолган, вақт ва катта маблағ талаб қиладиган масалаларни бирданига ҳал қилиш қийин. Улар “Йўл харитаси”га киритилган ҳолда, назоратга олиниб, қонунийлик мезонлари асосида босқичма-босқич бартараф этилмоқда.

Сайёр қабулларда, нафақат қишлоқ, балки айрим туман марказларидаги йўлларнинг ўта таъмирталаблиги кишиларни қийнайдиган муаммо сифатида кўп тилга олинди. Дарҳақиқат, ёзда тупроқ кўпчийдиган, ёғингарчилик кезлари юриб бўлмас аҳволга келадиган ўнқир-чўнқир, абгор йўлларимиз оз эмас. Ўтган йили уларнинг 293 километрига қум-шағал ётқизилиб, эпақага келтирилди, 565 километри асфальт қилинди.

4.jpgМанзилли дастур асосида йўлларни босқичма-босқич обод этиш кўлами кенгаяди. Фақат шу йилнинг ўзида 350 километри мукаммал таъмирланади.

Меҳнат бандлиги мурожаатларига сабаб бўлаётган асосий муаммолардан бири. Тан олиш керак, анча йиллар илгари бу масалада вилоятимизда ҳам кўзбўямачилик қилиниб, қоғозда анчагина иш ўринлари “яратиб” қўйилган. Бу энди ўтмишда қолди. Эндиликда реал иш ўрни, реал бандлик тамойили амал қилмоқда. Ижтимоий -иқтисодий ривожланиш дастурларига мувофиқ, ўтган йили вилоятда 34,6 минг янги иш ўрни яратилди.

Илгарилари иш излаб, тегишли мутасадди идораларга мурожаат қилганлар орасида бугун яратилган имкониятлардан фойдаланган ҳолда кичик бизнесга қўл уриб, ҳеч бўлмаса, 3-4 нафар кишининг бандлигини таъминлаётганлар оз эмас. Айниқса, томорқаларда кичик иссиқхоналар қуриб, помидор ва сабзавот етиштирган, яхши даромад олаётган оилалар кўпайиб бормоқда.

Бугунги кунда вилоятда ишсизлик даражаси 8,9 фоизни ташкил қилмоқда. Шофиркон, Когон ва Бухоро туманлардаги кўрсаткич бундан ҳам юқори. Биз мазкур ҳудудларда меҳнат бандлиги йўналишида кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш чораларини кўрамиз. Умуман, жорий йилда 38 минг иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган.

Бандлик масаласида ижобий ўзгаришлар самарасида кейинги бир йилда ноқонуний меҳнат миграцияси билан хорижга борувчилар сони 4,5 минг нафарга камайди. Бундай тамойил давом этади.

Кези келганда, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида республика вазирлик ва идораларининг ёрдамида ҳал этилиши зарур бўлган муаммоларга ҳам эътиборни қаратмоқчиман. Тўдакўл сув омбори экинларни суғоришда катта ресурсга эга. Аммо об- ҳаётга эҳтиёж кучаядиган ёзги вегетация даврида унинг сатҳи пастки қисмидаги 550 миллион кубметр сувдан фойдаланиш имконияти йўқ. Муаммони ҳал этиш учун сув омбори ҳудудининг “Қизилтепа” насос станцияси йўналишида янги насос станция қуриш зарур. Ана шунда Навоий вилоятининг Қизилтепа, вилоятимизнинг Ғиждувон, Шофиркон, Пешкў, Ромитан, Бухоро, Жондор ва Когон туманлари катта майдонларида сув таъминоти тубдан яхшиланади.

5_Бухоро_вилояти_Қоракўл_туманининг.jpg
Қоракўл туманида янгиланаётган йўллар

Шу йўналишда ечимини кутаётган яна бир масала. Олот, Қоровулбозор, Қоракўл, Ромитан ва Бухоро туманларида умумий узунлиги 42 километр бўлган лоток тармоқларини қуриш лозим. Бу лойиҳа сув таъминотини яхшилаш орқали экин айланмасидан чиқиб қолган кўплаб майдонларда деҳқончиликни қайта йўлга қўйиш ва баракали ҳосил олиш имконини беради.

Олот тумани деҳқонларини ташвишлантираётган бошқа муаммога ҳам тўхталишга тўғри келади. Бундан бир неча йил илгари экин майдонларининг барқарор сув таъминотини йўлга қўйиш мақсадида “Олот асосий” насос станцияси қайта қурилиб, “Ёрдамчи Олот” гидростанцияси реконструкция қилинган. Лекин ёзда, сувга эҳтиёж кучаядиган даврида асосий иншоотдаги 7 та насос агрегатини бир вақтда ишлатиш имконияти йўқ. Мазкур станцияда ёрдамчи иншоотга кучланиш берадиган қўшимча трансформатор ўрнатиш ва насос станциясининг биринчи секциясини улаш талаб этилади. Республика Сув хўжалиги вазирлиги юқоридаги муаммоларни босқичма -босқич ҳал этиш чораларини кўришига умид қиламиз.

5.jpgБошқа соҳаларда ҳам ечим кутаётган масалалар бор. Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентябрда қабул қилинган “2019--2023 йилларда Бухоро вилоятини комплекс ижтимоий -иқтисодий ривожлантириш чора- тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2020 йилда Қоракўл халқаро математика мактаби биносини реконструкция қилиш учун 45 миллиард сўм маблағ ажратиш белгиланган эди. Ҳозирда 16 миллиард сўм маблағ манбаи аниқ. Аммо қолган 29 миллиард сўм маблағнинг манбаи ноаниқ. Хуллас, халқаро мактаб мақомига мос қиёфага эга бўлиши, унда тегишли шароитлар яратилиши ижро учун масъул республика Молия ва Халқ таълими вазирликлари муаммони тезроқ ҳал этишларига боғлиқ.

Мактаб ёшигача бўлган болаларнинг боғчаларга қамров даражасини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун республика Президентнинг 2018 йил 5 апрелда қабул қилинган “Мактабгача таълим тизимини рағбатлантириш ва янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тижорат банклари томонидан тегишли жамғарманинг махсус ҳисоб -китоб рақами маблағлари ҳисобидан мактабгача тарбия фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорик субъектларига 15 йиллик муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан 1 фоиз ставкада имтиёзли кредит ажратиш кўзда тутилган эди. Шундан келиб чиқиб, вилоятда 30 ташаббускор томонидан 3210 ўринга эга нодавлат мактабгача тарбия муассасалари ташкил этиш учун Мактабгача таълим вазирлиги ва вилоят ҳокимлиги билан уч томонлама шартнома битимлари имзоланган. Бироқ бу лойиҳалар учун 64 миллиард сўм маблағ ҳалигача молиялаштирилмаган...

720_460_95_3563728463.jpg

Мамлакатимизни, унинг ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида катта марралар белгиланган. Бу борадаги ютуқлар юрт равнақи ва ободлигини таъминлаш, халқимиз ҳаёт сифатининг яхшиланишининг муҳим омилидир. Зеро, кўзланган мақсадларга эришиш жамиятда кечаётган жараёнларга дахлдорликка ва масъулиятни ҳис этиш, ташаббускорлик кўрсатиш, ижро интизомига боғлиқдир.

Йил қандай бошланса, ўшандай давом этади. Ишлаб чиқариш корхоналарининг барқарор ишлаётгани, қишки дала-деҳқончилик агротехник тадбирлари оқилона ташкил этилгани, иқтисодиёт тармоқларида юзага келган муаммолар ишчанлик вазиятида ўз вақтида ҳал этилаётгани белгиланган марралар сари қатъият ва иштиёқдан дарак беради.

– Сиз вилоятдаги мутасаддилар – ҳокимлар, ташкилот раҳбарлари фаолиятини қандай баҳолайсиз? Ёш кадрларни жалб этиш ва кадрлар қўнимсизлигини олдини олиш учун нима иш қилиш керак, деб ўйлайсиз?

– Бугунги кунда мутасадди раҳбар кадрларда масъулият ҳисси, интеллектуал салоҳият, билим ва тажриба жуда муҳимдир. Бизда уларни танлаш ва жой-жойига қўйишда ана шу жиҳатларга эътибор қаратилмоқда.

Лавозимга кўрсатилган ҳар бир номзод соҳалар бўйича махсус ишчи гуруҳлари томонидан суҳбатдан ўтказилади. Унинг асосида мазкур гуруҳнинг тегишли хулосасига кўра, якуний қарор қабул қилинади.

6.jpgЛавозимга тайинланган раҳбарлар фаолиятига тегишли мезонлар асосида баҳо берилади. Уларнинг ўз вазифасини нечоғли бажаргани йил якунида таҳлил қилинади. Ижро интизоми ва бошқа масалаларда фаолияти эътирозларга сабаб бўлаётган раҳбарларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки лойиқ эмаслиги бўйича вилоят ҳокимлари ўринбосарлари томонидан вилоят ҳокимига таклифлар киритилади.

Мансабдор шахсларнинг масъулиятини ва ташаббускорлигини оширишга қаратилган самарали механизм яратилган. Масалан, 2019 йилда халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида тегишли соҳаларнинг 22 нафар раҳбари ҳисоботлари эшитилиб, фаолиятларига баҳо берилди.

Ишда жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун вилоят ташкилотлари мутасаддиларининг 40 нафари, туманлар ҳокимларидан 4 нафари, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари ўринбосарларидан 26 нафари алмаштирилди. Шунингдек, камчиликларга йўл қўйганлиги учун шаҳар ва туманлар ҳокимларининг 3 нафарига интизомий жазо чоралари қўлланилди.

11_Бухоро_шаҳридаги_Вилоят_маҳаллалар.jpg
Бухоро шаҳридаги Вилоят маҳаллалар кенгашининг янги биноси

Вилоятдаги барча раҳбарларга кадрлар захираси шакллантирилган бўлиб, уларни босқичма-босқич тегишли лавозимларга тайёрлаб бориш бўйича амалий ишлар йўлга қўйилди. Жумладан, раҳбар меҳнат таътилида бўлганда, унинг вазифасини захирадаги номзод вақтинча бажариши орқали иш тажрибасини ошириш амалиёти жорий этилган.

Шунингдек, раҳбар кадрларнинг билимини бойитиш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан хабардорлигини таъминлаш мақсадида улар турли ўқув курслари ва семинар-тренингларда жалб қилинмоқда.

Ёш кадрларни жалб этиш ва кадрлар қўнимсизлигини олдини олиш учун уларга қулай меҳнат шароитини яратиб бериш, моддий ва ижтимоий томондан қўллаб-қувватлаш керак. Шу нуқтаи назардан, вилоят ҳокимлиги аппаратининг 30 нафар ходими ўтган йили имтиёзли равишда, ипотека кредити асосида уй-жой билан таъминлангани муҳим амалий иш бўлди.

Замонавий фикрлайдиган, қатъий мақсад сари бошқаларни ўз ортидан эргаштира оладиган, раҳбарликка лойиқ кадрларга ҳамиша талаб бор. Шу ўринда бир жиҳатни таъкидлаш жоиз. Вилоятимиз турли соҳаларида фаолият кўрсатган тажрибали кадрлар кейинги йилларда республика вазирлик ва идораларига таклиф этилди. Улар ўрнини босадиган муносиблар ҳам ўзимиздан чиқди. Янгиланиб бораётган кадрлар захирасини яратиш тажрибаси янада такомиллаштирилиб бораверади.

– Вилоятда 2019 йилда зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжоларни обод қилишга алоҳида эътибор қаратилди. “Етти пир” мажмуаларида бажарилган ободонлаштириш ишлари таҳсинга сазовор. Айни пайтда вилоятда туризмни ривожлантириш борасида қандай лойиҳалар амалга оширилмоқда?

– Сайёҳлик жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида бюджетга катта даромад келтирадиган соҳаларидан бирига айланган. Бой номоддий мерос, яъни кўҳна меъморий обидалар, зиёратгоҳлар, жозибали фольклор санъатига эга Ўзбекистон ҳам туризмни ривожлантириш орқали ана шундай натижага эришади. Давлатимиз раҳбарининг ана шу мақсадга қаратилган фармон ва қарорлари соҳа салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Тармоқда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар, улар лойиҳаларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, соҳага инвестиция киритадиган хорижий сармоядорлар учун қулайликлар кўзда тутилгани, сайёҳлар, хусусан, хорижлик туристлар оқимини кенгайтириш борасидаги амалий саъй- ҳаракатлар самараларини Бухоро вилояти мисолида ҳам кўриш мумкин. 

Вилоятда 800 дан зиёд меъморий обидалар мавжуд. Уларнинг катта қисми 2500 йилликдан зиёд тарихга эга Бухоро шаҳрининг тарихий марказида жойлашган. Айни шу ҳудуд ЮНЕСКОнинг умумжаҳон маданий мерос рўйхатига олингани билан ҳам эътиборга сазовор. Меъморий ёдгорликлар жойлашган манзилларнинг аксарияти сайёҳлик йўналишларига киритилган.

20160131214800.jpg
Ромитан туманида жойлашган 7 пир зиёратгоҳларидан бири

Албатта, сайёҳлик соҳасини ривожлантиришда унинг моддий- техника базаси ҳам муҳим ўрин тутади. Вилоятда бу масалага катта эътибор берилаётир. Шу ўринда аниқ мисолларни келтираман. 2018 йилга қадар вилоятда 168 та жойлаштириш воситаси (замонавий меҳмонхона, хостел, меҳмон уйи) хизмат кўрсатарди. Ўтган йили эса улар сони 169 тага кўпайиб, 337 тага етди. Албатта, шунга мос равишда сайёҳлар сони ҳам кўпайди. Воҳа, жумладан Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишиш мақсадида ташриф буюрувчилар сони 2019 йилда 3,6 миллион нафарга етиб, 2018 йилга нисбатан 1,1 миллион нафарга ошди. Уларнинг 3 миллиони маҳаллий, 603 минг нафари хорижлик сайёҳлардир. Бир йил мобайнида чет эллик туристлар сони икки баравардан зиёдга кўпайди.

1_701031_02.jpg
Бухорода туризм ривожи янги босқичга кўтарилди. Ўтган уч йилда 243 та янги меҳмонхона ва жойлаштириш воситалари, 60 дан ортиқ ресторан ҳамда бир қатор янги туризм йўналишлари иш бошлади.

Франциялик инвесторлар билан ҳамкорликда “Boukhara Tower” туризм объекти фаолияти йўлга қўйилди. Соҳа ривожи мутахассис кадрларга ҳам боғлиқ. Франциянинг VATEL туризм олий мактабининг Бухоро давлат университетида мехмонхона ва туризм соҳасида мутахассислар тайёрлаш йўналиши очилгани шу масала ечимига хизмат қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармонига асосан, хорижий фуқаролар учун Ўзбекистон Республикасида визасиз режим жорий қилинган мамлакатлар сони 86 тага етказилиши, шунингдек, улар учун енгиллаштирилган тартибда электрон виза олиш, тегишли ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, халқаро аэропортларда “бешинчи ҳаво эркинлиги”ни қўллаган ҳолда “Очиқ осмон” режимини жорий этилиши каби имкониятлар миллий туризм салоҳиятининг янги истиқболларини очмоқда. 

ensemble-of-naqshbandi1.jpg

Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи

Бухоро воҳаси – улуғ алломаларга бешик бўлган замин. Бу ерда ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, буюк ҳаким Абу Али ибн Сино, шунингдек, ислом маданиятига улкан ҳисса қўшган етти пир силсиласини ташкил этувчи Хўжа Абдулхолиқ Ғиждувоний (Ғиждувон), Хўжа Ориф Ревгарий (Шофиркон), Хўжа Маҳмуд Анжир Фағнавий (Вобкент), Хўжа Али Ромитаний, Хўжа Бобойи Самосий (Ромитан), Саййид Мир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд (Когон тумани) улуғ зотлар камолга етган. Уларнинг қадамжолари ободонлаштирилмоқда. Бу масканлар Зиёрат туризмини ривожлантиришда катта аҳамиятга эга.

Ўтган йил февраль ойида Бухоро шаҳрида дунёнинг 34 мамлакатидан ислом дунёсидаги нуфузли ташкилотлар, сайёҳлик уюшмалари, зиёрат туризми компаниялари вакиллари ва таниқли уламолар иштирокида I халқаро “Зиёрат туризм” форуми ўтказилгани ҳам шу билан боғлиқ.

podpisanie 22-02.jpg
I халқаро “Зиёрат туризм” форуми доирасида “Бухоро декларацияси” қабул қилинди

Анжуманда Ўзбекистонни зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этиш тўғрисидаги “Бухоро декларацияси” қабул қилингани республикамизда сайёҳликнинг мазкур йўналишини ривожлантиришга хизмат қилади.

Вилоятда сайёҳликнинг бошқа турлари ҳам ривожланиб бормоқда. Эко туризм (Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомниги, Зикри ва Хадича, Қорақир, Оғитма кўллари), Гострономик туризм (Миллий таомлар, ширинликлар), Агротуризм (Ромитан, Бухоро, Ғиждувон, Вобкент туманлари) Қишлоқ туризми (ҳунармандлар, меҳмон уйлари), Маданий туризм (театрлаштирилган томошалар), Пляж (Қуйимозор, Тудакўл кўллари) шулар сирасига киради. Бу масканларда янги туристик маршрутлар ва хизматлар турлари ўзлаштирилди.

Соҳани ривожлантиришда тадбиркорларнинг ўрни катта. Масалан, улар томонидан ўтган йили 58 та туристик ва 8 та транспорт компанияси фаолияти йўлга қўйилди, 100 га яқин замонавий автобуслар ва салкам 50 та микроавтобуслар харид қилинди. Бу эса сайёҳларга замонавий хизмат кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтиришда соғлом рақобат муҳитини яратди. Яна муҳими, мазкур компаниялар меҳнат бандлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Президентимиз 2019 йил 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида “Бухоро вилоятини туристик чорраҳага айлантириш” бўйича берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида 2019-2020 йилларда туризмни янада ривожлантириш Комплекс Дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентябрда “2019 – 2023 йилларда Бухоро вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унинг доирасида йўловчиларга хизмат кўрсатиш мақсадида Туркия авиакомпанияси томонидан илк бор Истанбул – Бухоро йўналишида чартер рейси амалга оширилди. Россиянинг "СИБИРЬ" S7 авиакомпанияси ҳамкорлигида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни Новосибирск — Бухоро – Новосибирск йўналиши бўйича мунтазам авиақатнов йўлга қўйилди.

Шаҳарлараро йўналишларда ташиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ шаклидаги “AVTOBUS RENT” қўшма корхонаси машҳур компания “AVTOBUS RENT SP” МЧЖ “SIXT” бренди остида Бухорода ўз ишини бошлади.

Вилоятда сайёҳликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Уларга мувофиқ, 2020 йилда 100 га яқин, жумладан, Бухоро шаҳрида 68 та янги меҳмонхона қурилади. Ҳозирда объектларнинг аксариятида иш бошланган. Жумладан, кейинги ўн йилдан буён фаолияти тўхтаб қолган “Бухоро палас” (480 ўринли) ва “Зарафшон” (390 ўринли) меҳмонхоналари бинолари реконструкция қилинаётир.

6995269.jpg
480 ўринли “Бухоро палас” меҳмонхонаси

Ўтган йили Бухорога келган кўплаб хорижлик инвесторларни қабул қилдим. Улар орасида замонавий меҳмонхоналар қурилишига ўз сармоясини тикиш истагини билдирганлар бор эди. Қўллаб -қувватлаш самара бермоқда. Масалан, Ҳиндистонинг “METRIC VENTURES” МЧЖ амалий ишга киришиб, 2,75 гектар майдонда йирик лойиҳани амалга оширмоқда.

Албатта, сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида улар учун мунтазам равишда янги йўналишдаги маданий ва кўнгилочар тадбирларни ташкиллаштириш ҳам диққат марказимизда бўлади. Хусусан, анъанавий Наврўз байрами, “Насриддин Афанди”, “Шарқ таомлари”, “Ипак ва зираворлар” “Қовун сайли”, “Ҳунармандлар куни”, “Бухоро шаҳри куни” фестиваллари ва “Маҳоратли пазандалар” кўрик-танловларининг жозибадорлигини янада ошириш чоралари белгиланмоқда. Туманларнинг ўзига хос хусусият ва анъаналарини ҳисобга олиб, турли маданий- маърифий лойиҳалар ишлаб чиқилган.

8.jpgСайёҳларга қулайлик яратиш доирасида 2020 йилда 8 та туризм ахборот маркази ташкил этилади, 50 та ахборот навигация кўрсаткичи ўрнатилади, 115 та wi-fi зонаси ва 66 та санитария-гигиена шаҳобчаси фаолияти йўлга қўйилади.

2020 йилда, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги жами қиймати 43 миллион АҚШ долларига тенг 4 та лойиҳа асосида янги туризм инфратузилмаси объектлари ташкил этилади. Зиёрат туризми талабларига кўра, Бухоро шаҳрида “Ҳалол” синов лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади.

Хабарингиз бор, 2020 йилда Бухоро Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинган. Шунингдек, буюк пирлар Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллик, Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги кенг нишонланади. Шу муносабат билан кўплаб хорижлик олиму уламолар, таниқли арбоблар иштирокида ўтказиладиган анжуманга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ҳудудларда катта ободончилик ишлари олиб борилаётир.

2020 йилда Туркия, Хитой, Индонезия, БАА, Малайзия, Исроил, Россиянинг бир қатор шаҳарларидан Бухорога чартер рейсларини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

ktBrYI14020617340532_b.jpg

Таъкидлаш керак, вилоятга сайёҳлар оқимини кўпайтириш, юртимизга келадиган меҳмонларга қулайлик яратиш борасидаги қатор муаммоларни ҳал этишда республика юқори ташкилотларининг ёрдами зарур.

Самарқанд, Бухоро, Хоразм каби туристик марказлари бўйлаб хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг енгил транспорт воситалари ҳамда автобусларда М-37 ва А-380 халқаро магистралларида ҳаракатланиши йўлга қўйилган. Аммо бу йўлларни реконструкция қилиш ишлари якунига етказилмаган. Йўлларнинг нобоплиги табиийки, сайёҳларга ноқулайлик туғдирмоқда. Республика автомобиль йўллари Давлат қўмитаси бу муаммони ечимини топиши керак.

Бухорога сайёҳлар оқими ошиб бораётир, кўплаб хорижлик ишбилармон доиралар вакиллари, мутахассислар ташриф буюрмоқда. Уларнинг мурожаатлари шуни кўрсатяптики, Тошкент-Бухоро-Тошкент-йўналишида ҳафтанинг беш кунида амалга оширилаётган авиақатновлар етарли эмас. Шунинг учун ҳам биз “Uzbekistan Airways” АЖ компанияси ҳафта давомида ҳар куни Бухорога авиақатновларни йўлга қўйишини зарур, деб биламиз.

Яна бир жиҳат. Бухоро вилоятидаги маданий мерос объектларини асраш мақсадида олиб борилаётган реставрация ва таъмирлаш ишлари суст, кўлами етарли эмас. Оқибатда айрим ноёб обидаларнинг емирилиши ҳоллари кузатилмоқда. Маданий мерос объектларни асраш ва улар ҳолатини яхшилашга доир ишларнинг лойиҳа олди ва лойиҳа- смета ҳужжатларини тайёрлашда республика Маданият вазирлигининг Маданий мерос департаменти илмий -эксперт кенгаши мажлислари ҳар ойда эмас, ҳафтада бир бор ўтказилиб, тегишли хулосаларни тайёрлаши, тадбирлар ҳажми кенглигини инобатга олиб, ўзининг вакилини доимий равишда Бухорога бириктириб қўйиши муаммоларни ўз вақтида ечиш ва назоратни амалга оширишда муҳимдир.

– “Обод қишлоқ” дастурига киритилган айрим ҳудудларда кўзда тутилган лойиҳаларнинг бир қисми ниҳоясига етказилмай қолган. Масалан, Шофиркон туманидаги “Мазлахон Чандир” МФЙ ҳудудидаги қишлоқларга гарчи ичимлик суви қувури ётқизилган бўлса-да, ҳудуд билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш муаммоси чўзилмоқда.

– Шаҳар ва қишлоқларни янада ободонлаштириш, уларда аҳоли учун қулайликлар яратиш, инфратузилмасини мустаҳкамлашда Юртбошимиз ташаббуси билан 2018 йилдан бошлаб амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари айни муддао бўлди.

Ўтган йили мазкур дастурлар доирасида вилоятнинг 11 та тумани ва 2 та шаҳридаги жами 39 та қишлоқ ва маҳаллада бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Уларда турли манбалар ҳисобидан, умумий лойиҳа-смета қиймати жами 520 миллиард сўмлик қурилиш таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди.

maxresdefault.jpg
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари амалда

Хусусан, дастурларга мувофиқ, 86 та ижтимоий соҳа объектларида бунёдкорлик лойиҳаси якунланди. Ҳудудларда якка тартибдаги 3680 та якка тартибдаги уй- жойлар ва 81 та кўп қаватли уйнинг том қисмлари таъмирланди, 7231 та уй-жойнинг фасад қисми замонавий меъморий қиёфа касб этди. Шунингдек, жами 373,3 километр автомобиль йўллари, 370,7 километр узунликдаги ичимлик сув ва 358,2 километр узунликдаги электр ҳамда 127,7 километр узунликдаги табиий газ тармоқлари қурилди ёки таъмирланди. Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 116 та трансформатор янгиланди. Бундан ташқари, дастур доирасида 182 бозор инфратузилма объекти қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Хуллас, ўзгаришлар катта. Биласизми, мен жойларда аҳоли вакиллари билан учрашганимда, уларнинг ҳудуди ҳам ”Обод қишлоқ” ёки “Обод маҳалла” дастурларига киритилиши режалари билан қизиқишади. Бу табиий. Ҳамма ҳам замонавий қулайликлардан баҳраманд бўлишни истайди. Демак, лойиҳалар доираси кенгаяди.

Саволингизда кўрсатиб ўтилган Шофиркон туманидаги “Мазлахон Чандир” МФЙ ҳудудидаги масалага келсак, у ерда 2018 йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида 20 километр узунликда ичимлик сув тармоқлари ўтказилган. Уларга сув узатадиган бошқа ҳудуддаги “Арабхона” иншооти эса режага мувофиқ, 2019 йилда янгидан барпо этилди ва Янги йил байрами арафасида аҳоли об-ҳаёт билан таъминланди.

suv_tekin_degani_eskirgan_gap.jpg

Кези келганда, бир муаммони қайд этишга тўғри келади. 2019 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига киритилган ҳудудларда ичимлик сув ҳамда оқова тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш учун тайёрланган лойиҳа -смета ҳужжатлари ва экспертиза хулосаларига кўра, 97,2 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Аммо аслида, мазкур тадбирларга 62,4 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган. Юқоридаги лойиҳалар учун зарур бўлган маблағни маҳаллий бюджет ҳисобидан қоплаш имконияти чекланган. Хуллас, бошланган ишлар якунига етказилиши учун тегишли вазирликлар 38,3 миллиард сўм миқдордаги маблағ масаласини ҳал қилиши керак.

Маълумки, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда ислоҳотлар йўлида ғов бўлаётган камчиликларга барҳам бериш янада салмоқли ижобий ўзгаришларга хизмат қилади. Бу борада эса тобора “тўртинчи ҳокимият” мақомига муносиб ҳаракат қилаётган ЎзАнинг ҳам ўз ўрни бор. Ўтган йили у вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётидаги ютуқларни кенг ёритди. Агентлик сайтида танқидий материаллар, фотосуратлар ҳам эълон қилинди. Бундай холис чиқиш ва муносабат эътибор қаратишимиз зарур бўлган нуқталарни илғаб олишга ёрдам беради. Қолаверса, ЎзА суҳбатимизда қайд қилинган муаммоларнинг республика вазирлик ва идораларида ечим топишини ўз назоратига олади, деб ўйлайман.

ЎзА мухбири Эркин Ёдгоров суҳбатлашди.

Аввал хабар берганимиздек, www.uza.uz сайтига келган саволларга Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Рустам Холматов, Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов саволларга жавоб берган эди.

Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов саволларга жавоб беради.

Сайтимизни кузатиб боринг!

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўктам Барноев: Эришилган ютуқларимиз, бу аслида янги вазифалар учун сабоқ ва тажрибадир