Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун кенг имкониятлар яратилди. Тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратила бошланди.
Бундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, юрт равнақи, халқ фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшаётган ва ажратилган кредитларни қайтаришдаги масъулиятини унутмаган тадбиркорлар талайгина.
Бироқ баъзи тадбиркорлар олинган кредитларни қайтаришда ўз мажбуриятларини тез унутмоқда.
Банклар эса ўз навбатида ажратилган кредит қарзларни қайтариш юзасидан судларга даъво аризалари киритяпти.
Кредитни қайтармаслик – бу масъулиятсизликми ёки пухта ўйланган режами? Ёхуд олинган маблағни ўз манфаатлари учун ишлатиб юбориш, тўламаслик учун бошқа сабаблар борми? Олинган қарзни қайтаришдаги масъулиятсизлик қанчадан-қанча қўшимча харажат, ташвиш ва муаммолар олиб келади.
Суд қарорлари ижросини таъминлаш МИБнинг асосий вазифаси ҳисобланади ва бу борада муайян ишлар қилинмоқда.
Жумладан, Ғиждувон туман иқтисодий судининг 2023 йил 18 январдаги ажримига асосан ундирувчи Савдо саноат палатаси Бухоро вилояти бошқармаси АТ “Халқ банки” фойдасига, қарздорлар “Eletgant Star Nazarbek”, “Олим Обид Бизнес Барака” ҳамда “Автомир 2017” масъулияти чекланган жамиятлар ҳисобидан жами 334 миллион 682 минг 794 сўм кредит қарзи ундириш, ундирувни гаровга қўйилган мазкур МЧЖларга тегишли мол-мулкларга қаратиш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Ғиждувон туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.
Бўлим давлат ижрочилари томонидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида “Автомир 2017” МЧЖга тегишли бўлган 2018 йилда ишлаб чиқарилган “Cobalt” русумли автотранспорт воситаси Вобкент туманида яшовчи фуқаро Ҳ.Рамазонов бошқарувида эканлиги аниқланган. Тегишли тартибда хатланиб, вақтинчалик сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Мавжуд қарздорлик бартараф қилинмаган тақдирда, хатланган автотранспорт воситаларини “E-auksion” электрон савдо майдончаси орқали савдога чиқариш чоралари кўрилади.
Ҳозирда, гаровга қўйилган мазкур МЧЖларга тегишли бўлган мол-мулкларни хатлаш борасидаги ижро ҳаракатлари давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА