Олий суд ва Марказий банк вакилларидан ташкил топган Ишчи гуруҳ ўз фаолияти натижалари юзасидан ахборот берди. Йиғилишда 22 та банк раҳбарияти иштирок этди.
Кеча, 26 декабрь куни Марказий банкда Олий суд раҳбариятининг Марказий банк ва тижорат банклари вакиллари билан банклар томонидан судларга киритилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш масалалари юзасидан икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 11 ойи давомида республика фуқаролик ва иқтисодий судлари томонидан кредит ундириш билан боғлиқ жами 431 минг 420 та иш кўрилган. Қиёс учун бу ўтган йилга нисбатан уч баравар кўп.
[gallery-21075]
Олий суд раиси ўринбосари Шуҳрат Полвоновнинг маълум қилишича, 17 декабрь куни судлар томонидан кредит қарздорлигига доир даъво аризаларини кўриб чиқиш юзасидан амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш бўйича Олий суд ва Марказий банк масъулларидан иборат Ишчи гуруҳ шакллантирилган.
Шунингдек, банклар томонидан судларда кўрилмаётгани кўрсатилган 11 триллион сўмлик жами 86 мингга яқин даъво аризалари кўриб чиқилиши юзасидан Олий суд ва Марказий банк раҳбарияти томонидан “Ташкилий чора-тадбирлар дастури” тасдиқланган.
-Қисқа муддат ичида ҳамкорликда республика бўйича 22 та банк кесимида 11 триллион сўмлик 86 мингта иш юзасидан таққослов ўтказилди. Унда қарийб 8 триллион сўмлик 74 мингга яқин ишлар қонуний ечимини топгани, шундан фақатгина 1 минг 25 та ёки 2,4 триллион сўмлик кредит низолари бевосита судларда кўриб чиқилаётгани, 10 минг 880 та ёки 820 миллиард сўмлик аризалар эса судларга келиб тушмагани маълум бўлди.
Бу эса банк тизимида кредит ундируви билан боғлиқ суд ишларига оид ҳисоботлар мезонида тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатади, – дейди Шуҳрат Полвонов.
Учрашув давомида Олий суд судьялари кредит ундириш билан боғлиқ айрим суд амалиёти юзасидан ва судга ариза бериш тартиб-тамойили хусусида тушунтиришлар бериб ўтди.
Шунингдек, банк ходимларига судлар ва банклар ўртасида кредит низолари билан боғлиқ ишларни адолатли ҳал қилишга кўмаклашувчи қўлланма тақдим этилди.
Тадбир якунида банк масъуллари томонидан берилган саволларга тегишли жавоблар берилиб, учраётган тизимли муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Умиджон Қурбонов,
Носир Ҳайдаров (сурат),
ЎзА