Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали «Таълим кредити, ижара шартномаси ва ётоқхоналар» мавзусида ўтказилган овозли чатда талабаларни қизиқтирган саволларга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Марказий банк масъул ходимлари жавоб берди.
— Таълим кредити хусусий олийгоҳларда ўқиётган талабаларга ҳам бериладими?

— Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 18 июлдаги 323-сонли қарорига кўра, тўлов-контрактда ўқиётган хотин-қизларга жорий йилдан бошлаб имтиёзли фоизсиз таълим кредити берилиши улар учун яхши имконият бўлди.
Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган давлат, нодавлат, хорижий таълим муассасаларининг филиаллари, қўшма дастурларда таълим олаётган барча хотин-қизларимиз ушбу кредитдан фойдаланиш имкониятига эга. Ундан ташқари профессионал таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи қизлар ҳам мазкур кредитни олишлари мумкин, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Қурбонназар Ортиқов.
—Агар оилада келин ва унинг қайинукаси контрактда ўқиса, уларнинг бирига талабалар турар жойидан хона бериладими?

— Талабалар турар жойи унга берилади, бунга берилмайди, деган фикр йўқ. Белгиланган мезонларга тушмаганлар учун ҳам жойлар берилади. Бунда жойни тўғри тақсимланишига қаралади. Вазирликнинг тегишли буйруғига кўра оилада 2 та ёки ундан ортиқ фарзандлар контракт тўловида ўқиса, улар талабалар турар жойига жойлаштирилади.
Дастлаб меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, чин етим, ногиронлиги бор талабалардан, сўнг кейинги босқичдагилар тегишли мезон асосида турар жой билан таъминланади,—дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маънавий-маърифий ишлар бошқармаси бошлиғи Лазиз Мингишов.
— Олдин ўз номига кредит олганларга ҳам таълим кредити бериладими?
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-0DfDAX_Guw" title="" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>— Агар аввал кредит олиб, кредитни ўз вақтида тўлаб келаётган бўлса, яъни муддати ўтган қарздорлик бўлмаса, албатта таълим кредити олишлари мумкин. Кредити бор одамлар қайтадан кредит олиши мумкин эмас, деган жойи йўқ.
Таълим кредитини олиш учун энг аввало банкка ариза, шахсни тасдиқловчи ҳужжат, таълим муассасаси билан тўлов-контракт шартномаси, кредитни шу йил учун суммаси, талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатида таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжатлар талаб этилади. Ижтимоий ҳимоя ягона реестрида рўйхатда турган қизларимиздан гаров кафиллик талаб этилмайди, — дейди Марказий банк бошқарма бошлиғи Лазизхўжа Муҳаммедов.
Н.Раҳмонова, Ё.Мелибоев (видео), ЎзА