Ўзбекистон маданий ва иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида креатив туризмни фаол ривожлантирмоқда.
Мазкур формат меҳмонларнинг маҳорат дарслари, ҳунармандчилик машғулотлари, гастрономик саёҳатлар, санъат қароргоҳлари ва фестивалларда иштирок этишини ўз ичига қамраб олади. Бундай ёндашув мамлакатнинг халқаро ижобий қиёфасини мустаҳкамлаш, иш ўринларини яратиш, кичик бизнесни ривожлантириш ва маданий дипломатияни тарғиб этишга хизмат қилади.
АОКАда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Туризм қўмитаси иштирокидаги матбуот анжуманида тақдим этилган маълумотларга кўра, Венеция биенналесида Ўзбекистон ёруғлик ва модернизмга бағишланган “Кўзларни қамаштирувчи нур” номли павильонни тақдим этди. Лойиҳа меъморий меросни асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, жаҳон санъат ҳамжамиятида қизиқиш уйғотди.
Шунингдек, 2025 йилнинг апрель ойидан бошлаб Осака шаҳридаги "Expo-2025"да ушбу кўргазманинг энг оммабопларидан бири бўлган “Билимлар боғи” ўз фаолиятини олиб бормоқда. У ҳунармандчилик, рақамли медиа, интерфаол санъат ва илм-фанни бирлаштирган ҳолда анъаналар ва инновациялар уйғунлиги ғоясини ўзида мужассам этади.
Бундан ташқари, 2025 йил 7 августда Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида Ўзбекистон тарихида жаҳон миқёсидаги санъаткор – Женнифер Лопеснинг илк чиқиши бўлиб ўтади. Ушбу концерт ўз кўлами ва миқёси бўйича мамлакатда ўтказилган энг йирик мусиқий тадбир бўлади ва аллақачон халқаро шов-шувга сабаб бўлиб улгурди. www.iTicket.uz (https://www.iticket.uz/) чипталар оператори маълумотларига кўра, чипталарнинг 40 фоизи дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакати томошабинлари томонидан харид қилиб бўлинган. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, бундай даражадаги концертнинг ўтказилиши очиқлик, халқаро лойиҳаларга тайёрлик ва Ўзбекистоннинг ривожланган маданий инфратузилмага эга замонавий ва хавфсиз мамлакат сифатида тан олинишининг аломатидир.
Қайд этилишича, хорижий меҳмонлар туризм, меҳмонхона бизнеси, транспорт, умумий овқатланиш ва сувенир савдоси орқали ички иқтисодиётнинг ўсишига ҳисса қўшади. Бу кичик ва ўрта бизнес учун кучли рағбатдир. Бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши продюсерлар, техник жамоалар, дизайнерлар, маркетологлар ва маданият соҳаси менежерларига барқарор талабни шакллантиради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА