Косонсойда истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараённи Наманган вилоятининг Косонсой туманида ҳам кўриш мумкин.
Жумладан, шу кунларда D113 “Исковот қишлоғи – Косонсой шаҳри – Тўрақўрғон шаҳри – Жомашуй шаҳри – Улуғнор тумани – A373 автомобиль йўли”нинг 6–14 ҳамда 14–27 километр оралиқларини реконструкция қилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
“CITY PERFECT-BUILDING” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар учун 144 миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, натижада ушбу йўл замонавий талабларга жавоб берадиган, аҳоли ва ҳайдовчилар учун қулай бўлган 24/7 хизмат кўрсатувчи кўчага айлантирилади.
[gallery-31304]
Шу қаторда туманида паррандачилик соҳасини янада ривожлантириш, наслли жўжалар етиштириш, паррандачилик тармоғи учун сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жумладан, тумандаги “Қуқумбой наслли парранда” МЧЖ томонидан қиймати 90 миллион АҚШ доллари бўлган “Наслли жўжа ишлаб чиқариш ва экспортга йўналтириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа тўлиқ ишга туширилиши натижасида замонавий технологиялар асосида наслли жўжалар етиштириш йўлга қўйилиб, маҳсулотларни ташқи бозорларга экспорт қилиш имкониятлари кенгаяди. Шунингдек, 800 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Лойиҳани 2028 йилнинг II чорагида тўлиқ амалга ошириш режалаштирилган.
Муҳими, мазкур лойиҳа туманда паррандачилик соҳасида замонавий ишлаб чиқариш занжирини шакллантириш, янги иш ўринлари яратиш, экспорт ҳажмини ошириш ва ҳудуднинг инвестициявий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА