Корхонанинг «Ҳудудгазтаъминот» АЖ олдидаги қарзи ундириб берилди
Урганч туманида газ таъминоти корхонаси фойдасига йирик миқдордаги маблағ ундирилди. Қарийб 2,2 миллиард сўмлик қарздорликни тўлашдан бўйин товлаб келган корхона ҳисобрақамларига нисбатан мажбурий чоралар кўрилди.
Урганч туманлараро иқтисодий судининг қарорига асосан, «Жайхун йўллардан мунтазам фойдаланиш» корхонаси «Ҳудудгазтаъминот» АЖ олдида юзага келган 2,2 миллиард сўмлик дебитор қарздорлигини тўлаши белгиланган эди. Бироқ, корхона раҳбарияти томонидан мазкур мажбурият белгиланган муддатларда бажарилмади.
Ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюросининг (МИБ) Урганч тумани бўлими иш юритувига келиб тушгач, давлат ижрочиси А.Бектасов томонидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилди.

Дастлаб, қарздор корхона раҳбари билан тушунтириш ишлари олиб борилди ва қарздорликни ихтиёрий равишда бартараф этиш учун қонуний муддат берилди. Бироқ, огоҳлантиришлар самарасиз якунлангач, бюро ходимлари қатъий чоралар кўришга мажбур бўлди.

Мажбурий ижро доирасида «Жайхун йўллардан мунтазам фойдаланиш» корхонасининг барча банк ҳисобрақамларига банд солинди, шунингдек, корхона тасарруфидаги мол-мулклар хатловга олинди.
Кўрилган тезкор ва қатъий чоралар натижасида қарздор корхона ниҳоят 2,2 миллиард сўмлик газ учун бўлган қарздорликни тўлиқ қоплашга эришди. Маблағлар белгиланган тартибда ундирувчи — «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳисобига ўтказиб берилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА