Корхоналарга жарима қўлланилди
Сирдарё вилоятида ташқи реклама қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш мақсадида Рақобат қўмитаси ҳудудий бошқармаси томонидан жойларда тизимли ўрганиш ва мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
Олиб борилган текширувлар давомида бир қатор корхоналар томонидан ташқи реклама воситалари ноқонуний равишда, тегишли рухсатномаларсиз ва катта ўлчамларда ўрнатилгани аниқланди. Жумладан, “Sales master network” МЧЖ (“Ishonch” бренди), “Biznes finans mikromoliya tashkiloti” МЧЖ ҳамда “Eko propan” МЧЖ томонидан қонун талаблари бузилган.
Амалдаги тартибга кўра, ташқи реклама объектларини жойлаштириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали реклама жойининг паспорти расмийлаштирилиши шарт.
Корхоналарга камчиликларни бартараф этиш бўйича огоҳлантиришлар берилганига қарамай, қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилмаган.
Шу асосда Қўмита ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан мазкур 3 та ташкилотга нисбатан молиявий жарималар қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
Назорат тадбирлари давом этмоқда.
Н. Раҳмонова, ЎзА