Корхонада иш ўринлари сони 3 мингтага етказилади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод туманида фаолият юритаётган “Fazman textile” масъулияти чекланган жамияти ҳудуддаги йирик текстиль корхоналаридан бири ҳисобланади. Айни пайтда корхонада 1200 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда.
Корхонада ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли текстиль маҳсулотларининг қарийб 90 фоизи ташқи бозорларга экспорт қилинмоқда. Тайёр маҳсулотлар МДҲ мамлакатлари билан бир қаторда Европа, Америка ва Мексика бозорларига етказиб берилмоқда.
[gallery-30017]
Корхона раҳбари Тоҳир Жўраевнинг маълум қилишича, ҳозирда инвестиция лойиҳасининг иккинчи босқичи амалга оширилмоқда. Лойиҳа тўлиқ ишга туширилгач, корхонадаги иш ўринлари сони 3 мингтага етказилади.
— Бугунги кунда Германия, Польша, АҚШ, Мексика ва Россиядаги ҳамкор компаниялардан эркаклар костюм-шими, кўйлак ва нимчалари ишлаб чиқариш бўйича йирик буюртмалар қабул қилинган. Корхонада харидорлар талабига мос, замонавий дизайн ва юқори сифат кўрсаткичларига эга маҳсулотлар тайёрланиб, экспортга йўналтирилмоқда, - дейди тадбиркор.
Таъкидлаш жоизки, корхонада ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, янги технологияларни жорий этиш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА