Корхона ва ташкилотлар ходимлари ҳамда ёшлар “Заковат”да беллашди
Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” жисмоний тарбия ва спорт саройида Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тизимидаги корхона ва ташкилотлар ходимлари ҳамда ёшлари ўртасида “Заковат” интеллектуал мусобақаси бўлиб ўтди.
Дастлаб иштирокчилар “НКМК тарихи” музейи фаолияти билан танишди. Музейда археологик топилмалар, тоғ жинслари намуналари, қадимги конлар хариталари ва кончилик соҳасига оид бошқа ноёб маълумотлар ўрин эгаллаган.
Спорт саройида интеллектуал ўйин аввалида Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Учрашув чоғида Урал Юсупов соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, геология ва тоғ-кон саноатида ёш мутахассислар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Тадбирда ёшлар томонидан таълим, иш билан таъминлаш, амалиёт ўташ имкониятлари, инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш каби долзарб мавзуларда саволлар берилди. Шунингдек, фаол ва ташаббускор ёшлар томонидан бир қатор таклифлар илгари сурилди. Улар орасида соҳада замонавий технологияларни жорий этиш, ёшлар учун махсус ўқув дастурлари ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, стажировка ва амалиёт имкониятларини ошириш каби ғоялар алоҳида эътиборга олинди.
Барча саволларга атрофлича жавоб қайтарилиб, айрим таклифлар юзасидан амалий чоралар кўриш белгилаб олинди.
“Заковат” интеллектуал мусобақасида тизимдаги 21 та корхона ва ташкилотдан 48 та жамоа иштирок этди.
[gallery-28465]
Якуний натижаларга кўра, Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Шимолий кон бошқармасининг “Альфа” жамоаси 1-, Марказий кон бошқармаси жамоаси 2- ҳамда Навоий машинасозлик заводининг “Импулс” жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.
Ташкилотчилар томонидан барча ғолиб ва совриндор жамоалар вакиллари муносиб тақдирланиб, 1-ўринни эгаллаган “Альфа” жамоасига “Заковат” кўчма кубоги топширилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари