Коррупция – бу давлат ёки жамоатчилик манфаатларини шахсий фойда учун суистеъмол қилиш билан боғлиқ ноқонуний фаолиятдир. У ижтимоий адолат, иқтисодий ўсиш ва демократик институтлар ривожига жиддий таҳдид солади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда коррупция туфайли юзлаб миллиард долларлар йўқотилади. Шу сабабли, порахўрликка қарши кураш нафақат ҳуқуқий, балки сиёсий, иқтисодий ва маданий масала ҳамдир.

Халқаро экспертлар фикрича, коррупцияни илмий нуқтаи назардан ўрганишда турли ёндашувлар мавжуд.
Институционал ёндашув: коррупция давлат идораларининг самарасизлиги ва шаффофликнинг етишмаслиги натижасида пайдо бўлади.
Иқтисодий ёндашув: коррупция иқтисодий мувозанатнинг бузилиши, иш ҳақининг пастлиги ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ.
Социологик ёндашув: жамиятда коррупция "норма" сифатида шаклланган бўлса, ундан қутулиш мураккаблашади.
Қайд этиш жоиз, ушбу иллатнинг олдини олиш ва камайтириш учун дунёда турли мамлакатлар ўз ҳуқуқий, институционал ва ижтимоий ёндашувларини амалиётга жорий этишган. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда коррупцияга қарши кураш кучайиб бораётган бир пайтда, халқаро тажриба билан танишиш ва ундан фойдаланиш алоҳида аҳамият касб этади.
Сингапур: қатъийлик ва тизимли ислоҳотлар

Сингапур дунёдаги энг кам коррупцияли давлатлардан бири ҳисобланади. Улар бу натижага эришишда коррупцияга қарши мустаҳкам қонунчилик базаси, ижро ҳокимиятининг мустақиллиги, юқори маошли давлат хизматчилари, шунингдек, ҳар бир иш учун жавобгарлик ва ҳисобот тизими ҳал қилувчи аҳамият касб этган.
Сингапурда коррупцияга қарши курашувчи идора мустақил фаолият юритади ва у ҳатто юқори лавозимдаги амалдорларни ҳам тергов қилиш ваколатига эга.
Швеция ва Финляндия: очиқлик ва жамоатчилик назорати

Бу мамлакатларда коррупция даражаси жуда паст. Уларда очиқ давлат маълумотлари портали, оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги, сиёсий тизимда шаффоф молиялаштириш, фуқароларнинг фаол иштироки муҳим ўрин тутади.
Бу орқали жамоатчилик ҳар қандай давлат сарф-харажатини назорат қила олади.
Грузия: тезкор ислоҳотлар ва рақамли трансформация

2003 йилдаги "Роза инқилоби"дан сўнг Грузияда коррупцияга қарши жиддий чоралар кўрилди. Жумладан, бутун полиция тизими қайта шакллантирилди, давлат хизматлари рақамлаштирилди, давлат харидлари очиқ тендерлар орқали амалга оширила бошлади. Бу орқали жамиятда ишонч ортди ва хорижий инвестициялар кўпайди.
АҚШ: миллий ва халқаро механизмлар

АҚШда коррупцияга қарши кураш учун Федерал қонунлар (Foreign Corrupt Practices Act – FCPA), FBI ва Department of Justice (Адлия вазирлиги)нинг фаол иштироки, Whistleblower (фош этувчи) дастурлари жорий қилинган.
Бу тизимда фуқаролар коррупцияни фош қилгани учун мукофот ҳам олишлари мумкин.
Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, коррупцияга қарши самарали кураш учун қуйидаги омиллар жуда муҳим:
1. Мустаҳкам ва мустақил антикоррупция институтлари;
2. Очиқ ва шаффоф давлат бошқаруви;
3. Рақамли технологияларни кенг жорий этиш;
4. Фуқароларнинг фаол иштироки ва ҳуқуқий онгини ошириш.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат идораларида шаффофликни таъминлаш, коррупция ҳолатларини фош этиш ва фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича фаолият юритмоқда.
“2023-2024 йилларга мўлжалланган Миллий антикоррупция стратегияси” қабул қилинди. Давлат харидлари, лицензиялаш ва имтиҳон жараёнлари рақамлаштирилди.
Бундан ташқари, жамоатчилик назоратини кучайтириш, рақамли технологияларни жорий қилиш, очиқ маълумотлар базаларини шакллантириш каби чоралар ҳам самара бермоқда.
Коррупцияга қарши самарали курашда фақат давлат органларининг саъй-ҳаракатлари етарли эмас. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш, ёшлар ўртасида ҳалоллик ва адолат тушунчаларини тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқини билиши ва унга амал қилган ҳолда, коррупция ҳолатларига нисбатан муросасиз бўлиши керак.
Умуман олганда, адолатли, шаффоф ва тараққий этган жамият барпо этиш учун ҳар бир фуқаро бу жараёнда фаол иштирок этиши шарт, деб ўйлайман.
Назокат Байзакова,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси.
ЎзА