Сирдарё вилояти Ширин шаҳридаги энергетика техникумида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган қонунлар мазмун-моҳияти юзасидан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси аъзоси Зуҳра Шодиева нутқ сўзлаб, коррупциянинг давлат ва жамият тараққиётига салбий таъсирини қайд этди. Депутат таълим соҳасида маиший коррупция ҳолатларини бартараф этиш, баҳолаш тизимини адолатли ташкил қилиш ҳамда ёшларда ҳалоллик фазилатларини шакллантириш зарурлигини таъкидлади.


Мулоқот давомида ўқитувчилар ва таълим муассасаси раҳбарияти ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Шунингдек, муҳокамаларда таълим жараёнида шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, ёшларда коррупцияга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари кўтарилди.


Очиқ мулоқотда ЎзХДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Сарвар Султонов, Ширин шаҳар ҳокимининг ўринбосари Фаррух Алимов ҳамда таълим соҳаси вакиллари иштирок этишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири