![](https://cdn.uza.uz/2021/12/09/13/55/k7rZ5OpG7X7ym5y39gtQMW1UOQ4NByXb_normal.jpg)
БМТ томонидан 2004 йилдан бошлаб ҳар йили 9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни сифатида нишонланади.
Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармасида «Келажак лидерлари клуби» аъзолари иштирокида «Коррупцияни олдини олишда Давлат хизматлари агентлигининг роли» мавзусида ўтказилган давра суҳбати ҳам мазкур санага бағишланди.
Унда коррупция давлат ва жамият тараққиёти учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири экани қайд этилиб, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, унга қарши муросасиз курашиш, коррупциявий хавфларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама этилди.
– Давлат хизматлари агентлиги тизимида коррупцияга қарши муросасиз кураш эълон қилинган, — дейди ДХА Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Абдусатторов. – Давлат хизматлари агентлигининг ташкил этилиши ҳам юртимизда коррупция ва уни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Сўнгги йилларда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик таъминланаётгани, бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб борилаётгани, ягона электрон маълумотлар базасини шаклланаётгани коррупциянинг келиб чиқиш омилларини кескин камайтирмоқда.
Жумладан, ДХА Тошкент вилояти бошқармаси тизимида ҳам коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича алоҳида вазифалар белгилаб олинган. Ҳеч кимга сир эмаски, коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, бу борада жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятини юксалтириш бугун энг асосий вазифалардан бири.
Қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган тадбирда Тошкент вилояти «Келажак лидерлари» клуби аъзолари давлат хизматлари кўрсатиш соҳасига оид ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.
А.Мусаев, ЎзА