Янги қарор

Жорий йилнинг 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этиб коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар, комплекс чора-тадбирларга баҳо бериб, мавжуд вазият таҳлилини очиқлаганди.
Йиғилишда коррупциядан ҳоли муҳит яратиш бўйича келгусидаги стратегик вазифалар, уларни амалга ошириш механизмлари бўйича қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилди.
Айни таклиф ва ташаббуслар асосида 21 апрель куни давлатимиз раҳбари “Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ҳужжатга мувофиқ коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг устувор вазифалари белгиланди. Хусусан: коррупция ҳолатларини эрта аниқлаш ва олдини олиш, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назоратни амалга ошириш, меҳнат жамоасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш ва бошқалар.
Қарорнинг яна бир муҳим янгиликларидан бири коррупцияга қарши ички назорат тизимининг мустақиллиги оширилмоқда. Бунда:
– коррупцияга қарши курашиш бўлинмалари ташкилотнинг биринчи раҳбарига ёки кузатув кенгашига бўйсунади ва ҳисобдор бўлади;
– коррупцияга қарши курашиш бўлинмалари раҳбар ва ходимлари республика ташкилотининг биринчи раҳбарлари томонидан тайинланади;
– давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш бўлинмаларини ташкил этишнинг минимал мезонлари тасдиқланди. Унга кўра 150 нафаргача ходимга – 1 та ходим, 150-400 нафарга – 2 та ходим, 400 ва ундан ортиқ ходимга – 3 та ходим (бўлинма) ташкил этилиши қайд этилди.
Шу билан бирга ҳуқуқий эксперимент тариқасида 2027 йил 1 январгача 5 та ташкилотда яъни, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖнинг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбари лавозимига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари тайинланади.
Ҳужжатнинг яна бир муҳим жиҳати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, стажировка, малака ошириш, аттестацияси бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланмоқда.
Бундан буён коррупцияга қарши курашиш бўлинмалари ходимлари ҳар йили қисқа муддатли малака оширади ва ҳар 3 йилда аттестациядан ўтказилади.
Агентликка 3 ой муддатда бир қатор низом ва тартибларни ўз ичига олган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Президент ташаббуслари асосида қабул қилинган ушбу қарор коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, унга тизимли ва самарали қарши курашишда янгича ёндашувларни таъминлашга хизмат қилади.
Ички назорат бўлинмаларига мустақиллик берилиши уларнинг таъсирчанлигини оширади, коррупция ҳолатларини эрта аниқлаш, олдини олиш ва меҳнат жамоаларида муросасиз муҳит яратишда муҳим омилга айланади.
Шу билан бирга, махсус тайинлов ва баҳолаш мезонларининг жорий этилиши, ходимлар малакасини мунтазам ошириш бўйича белгиланган талаблар, соҳага юқори масъулият ва профессионал ёндашувни таъминлайди. Бу эса коррупциясиз адолатли бошқарув тизимини барпо этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.
Анваржон МИРКОМИЛОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи.
ЎзА