Коррупцияга қарши курашишда халқаро тажриба ва илмий ёндашувлар уйғунлиги
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида коррупцияга қарши курашиш соҳасида илмий тадқиқотлар сифатини ошириш, замонавий тадқиқот методологияларини жорий этиш ва ёш олимларнинг халқаро академик майдондаги фаоллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган туркум ўқув ҳамда илмий тадбирлар ташкил этилди.
Тадбирлар Латвиядаги Туриба университети Ҳуқуқ факультети профессори, юридик фанлар доктори, халқаро эксперт Раймундас Калесникас иштирокида ўтказилди.
Маълумот учун, профессор Раймундас Калесникас коррупцияга қарши курашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолияти самарадорлигини ошириш, давлат бошқарувида ҳалоллик стандартларини жорий этиш, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ҳамда халқаро илмий тадқиқотлар соҳасида катта тажрибага эга мутахассис ҳисобланади.

Мазкур ташриф Академия ҳамда Швециянинг Лунд университети Ҳуқуқ социологияси департаменти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган “Марказий Осиёда ҳуқуқий ва бошқарув соҳасидаги ислоҳотларнинг сиёсий иқтисодиёти” қўшма тадқиқот лойиҳаси билан узвий боғлиқ. Лойиҳа доирасида Раймундас Калесникас Академияда “Микротартиблар ва макрореаллик: Марказий Осиё контекстида коррупция, қонун устуворлиги ва самарали бошқарувни қайта кўриб чиқиш” мавзусида илмий тадқиқот олиб бормоқда.

Академия профессор-ўқитувчилари, мустақил изланувчилар, докторантлар ва магистрантлар учун ташкил этилган тренинг, воркшоп ва амалий семинарларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар ва уларни баҳолаш механизмлари, амалий тадқиқотларни ташкил этиш методологияси, институционал ҳалоллик ва этикага асосланган профилактика тизимлари, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, мол-мулкни декларация қилиш амалиёти ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда коррупциянинг олдини олишга қаратилган самарали институционал механизмлар муҳокама қилинди.

Иштирокчилар замонавий тадқиқот усулларини қўллаш, илмий натижаларни халқаро академик журналларда эълон қилиш, халқаро илмий лойиҳаларда иштирок этиш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни миллий амалиётга татбиқ этиш масалалари юзасидан амалий тавсияларга эга бўлди
Н.Абдураимова, ЎзА