Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Латвия Республикаси Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бюроси (КНАБ) вакиллари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.
Учрашувда икки идора ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш ва истиқболдаги устувор йўналишларини белгилаб олиш масалалари муҳокама этилди.
Дастлаб Агентлик директорининг ўринбосари Умида Тўхташева томонидан Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, Агентликнинг вазифалари, амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Ўз навбатида, Латвия томони Бюрога юклатилган вазифалар, коррупцияга қарши курашишда Бюронинг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан алоқалари ва “Транспаренcй Интернатионал” каби халқаро рейтингларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш, ГРECО (Коррупцияга қарши давлатлар гуруҳи) ташкилотига аъзо бўлиш йўналишидаги фаолият тўғрисида тўхталиб ўтди.
Латвия томони билан ўзаро қизиқиш уйғотган йўналишлар юзасидан, жумладан, давлат хизматчиларининг даромади ва мол-мулкини декларация қилиш, нодавлат ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитишларни ташкил этиш каби соҳаларда Латвия Республикасининг қонун ҳужжатларини Ўзбекистонлик ҳамкасбларга тақдим этиш ҳамда Латвиянинг ваколати органлари экспертлари иштирокида учрашувларни ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.
Конструктив мулоқот тарзида ташкил этилган мазкур учрашув якунида икки идора ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ва доимий мулоқотни ўрнатиш, ўзаро англашув меморандумини имзолаш, тажриба алмашиш мақсадида хизмат сафарлари ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, Латвия Республикаси Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бюроси (КНАБ) коррупцияга қарши курашиш бўйича ваколатли давлат органи бўлиб, 2003 йилдан фаолият юритиб келади. Бюрога коррупциянинг олдини олиш, коррупцияга оид жиноят ишларини тергов қилиш ва коррупцияга қарши ўқитиш бўйича вазифалар юклатилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА