Коррупцияга қарши интерфаол сайёр дарс ташкил этилди
Туризм хизматларини сертификатлаш марказида Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамкорлигида “Коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва комплекс назорат” ўқув курси ташкил этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, ҳозирги глобаллашув шароитида коррупция барча мамлакатларда қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бинобарин, ҳеч бир давлатни коррупциядан холи ҳудуд, деб ҳеч ким айта олмайди.

Тадбирда тегишли қонунчиликдаги янгиликлар, сунъий интеллект билан ишлашнинг нозик жиҳатлари ва коррупциявий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик масалалари хусусида тушунчалар берилди.
Курс якунида дарс машғулотларида фаол қатнашган тингловчиларга Институтда нашр этилган юридик адабиётлар тақдим этилди.

Таъкидланганидек, ушбу ўқув машғулоти ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда назарий билимларни амалиётда қўллаш имкониятини юзага чиқаришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА