Коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди
Самарқанд вилояти туманларидан биридаги Электр таъминоти корхонаси раҳбари маҳаллий тадбиркорга тегишли умумий овқатланиш шохобчасида ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиш натижасида давлатга етказилган 393 млн сўмлик зарар ҳолати юзасидан жиноий жавобгарликка торттирмаслик, аксинча, зарар миқдорини камайтириб кўрсатган ҳолда маъмурий тартибда судга чиқариб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Жорий йилнинг июль ойи охирларида ушбу пул маблағи ҳисобидан 4 минг долларни олган мансабдор шахс тадбиркордан қолган 1 минг долларни ҳам тезроқ беришини сўраган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 1 минг АҚШ долларини учинчи шахс орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Таъкидлаш лозим, мазкур раҳбар муқаддам судланган бўлсада ўз хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.
Тошкент шаҳрида қайд этилган ҳолатда эса олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолат фош этилди.
Хусусан, пойтахтда истиқомат қилувчи, 1988 й.т., муқаддам судланган шахс ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 2001 й.т. фуқарони Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у олдиндан 13 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА