Жиззахда ноёб ҳамкорлик илк маротаба ўз самарасини берди: кўриш қобилияти чекланганлар автомобил заводида эҳтиёт қисмлар йиғишни пухта ўзлаштирмоқда. Бу ерда ҳар бир ҳаракат ва қадам нафақат малака, балки имконияти чекланган инсонларнинг ишончини ҳам бойитади. Саноат ва ижтимоий лойиҳа – умид ва меҳнатнинг бирлашган намунаси.
Ўзбекистон кўриш қобилияти чекланганлар жамияти Жиззах вилоят бўлими ва “ADM Jizzakh” автомобил заводи ҳамкорлигида амалга оширилаётган қўшма лойиҳа доирасида дастлабки ўқув-амалий машғулотларга жамиятнинг етти нафар аъзоси жалб қилинди. Улар замонавий ускуналардан фойдаланган ҳолда автомобил саноатида кенг қўлланиладиган олти турдаги эҳтиёт қисмларни пухта ўзлаштирмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, лойиҳа иштирокчиларни касбий билим ва кўникмалар билан таъминлаш, амалиётга тайёрлаш ва уларни келгусида доимий иш билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, маҳаллий кадрлар салоҳиятининг ривожланиши Жиззах саноати рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
“ADM Jizzakh” заводи раҳбарлиги ва мутахассислари иштирокчиларга ҳар томонлама кўмак кўрсатмоқда. Таълим жараёнида ишлаб чиқариш хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиниб, ишлаб чиқариш маданияти ва меҳнат тартибига алоҳида эътибор қаратилади.
Умуман олганда, ушбу ҳамкорлик лойиҳаси Жиззахда кадрлар тайёрлаш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва маҳаллий саноат салоҳиятини мустаҳкамлашда яна бир муҳим қадам сифатида эътироф этилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири