Кўриш имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича Япония тажрибаси ўрганилди
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя ва инклюзив таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бу борада илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, “International Inclusive Hub”, ҳудудий бошқармалар ҳамда “Нурли маскан” мактаб-интернатлари мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ кўриш имконияти чекланган болаларга таълим бериш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва касбга йўналтириш бўйича илғор тажрибани ўрганиш мақсадида Японияга хизмат сафари билан борди.

Хизмат сафари давомида ишчи гуруҳ томонидан ихтисослаштирилган мактаблар, илмий-тадқиқот муассасалари, махсус марказлар ҳамда жамоат бирлашмаларига ташрифлар амалга оширилди. Бу эса соҳада қўлланилаётган замонавий ёндашувлар ва самарали механизмлар билан яқиндан танишиш имконини берди.

Шунингдек, Япония Таълим, маданият, спорт, фан ва технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Махсус таълим департаменти директори билан учрашув ўтказилди. Унда мазкур тоифадаги болалар учун таълим имкониятларини кенгайтириш, замонавий ассистив технологияларни жорий этиш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда педагоглар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф дастури доирасида Японияда қўлланилаётган самарали амалиётлар билан комплекс тарзда танишилиб, таълим жараёнидан тортиб бандлик ва ижтимоий интеграциягача бўлган йўналишлар чуқур ўрганилди.
Қайд этилишича, ўрганилган илғор тажрибаларни амалиётга жорий этиш орқали Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизими ва инклюзив таълим сифатини янада такомиллаштиришга эришилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА