Кўринмас қотил! (+видео)
Ҳидсиз ва рангсиз углерод оксиди инсон ҳаётига жиддий хавф солади. Ундан заҳарланиш қисқа муддатда ёки секинлик билан ривожланиб, фожиали оқибатларга олиб келиши мумкин.
Углерод оксиди (ис гази) билан заҳарланиш қисқа муддатда ёки секинлик билан рўй бериши мумкин. Бу ҳолат газ концентрациясига боғлиқ. Агар газ миқдори кам бўлса, инсонда мушакларнинг бўшашиши, бош айланиши ва оғриши, кўкрак қафасида оғриқ, қулоқларда шовқин, эшитишнинг пасайиши, кўнгил айниши, қусиш ва уйқучанлик кузатилади.
Юқори концентрациядаги заҳарланиш тезда юзага чиқади ва хушдан кетиш, тутқаноқлар ҳамда нафас тўхташи билан намоён бўлади. Энг хавфлиси — нафас марказининг фалажланиши оқибатида ўлим ҳолати юз бериши мумкин. Айрим ҳолларда заҳарланишдан 2–3 ҳафта ўтгач ҳам беморнинг вафот этиши қайд этилган.
Газ ҳидини сезганда нима қилиш керак?
Дастлаб газ билан ишловчи шахсларга (диспетчерга) хабар бериш;
Барча газ кранларини ёпиш;
Очиқ оловдан фойдаланмаслик;
Эшик ва деразаларни очиб, хонани шамоллатиш;
Электр жиҳозларини ёқмаслик ёки ўчирмаслик.
Ис газидан заҳарланганда биринчи ёрдам
Жабрланувчини тезлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш;
Агар одам ҳушидан кетган бўлса, нашатир спиртини ҳидлатиш;
Зарур ҳолларда сунъий нафас бериш, танани ишқалаш;
Иложи бўлса, иссиқ чой ёки қаҳва ичириш;
Албатта тез ёрдам хизматини чақириш.
Ис газидан заҳарланишдан огоҳ бўлинг!
Ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини хавф остига қўйманг.
Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА