Кўргазмали семинар бўлиб ўтди
Бир аёлнинг тадбиркорликка қўйган қадами нафақат ўз оиласи даромадини оширади, балки бошқа хотин-қизлар учун ҳам иш ўрни яратиши мумкин. Бунинг учун ташаббусни қўллаб-қувватлаш, бизнес ғояларни амалга оширишга кўмаклашиш муҳим. Оқолтин туманида ўтказилган «Аёллар бизнеси — янги марралар сари» мавзусидаги кўргазмали семинарда ана шу имкониятлар, уларнинг амалий натижалари ва истиқболдаги режалар хусусида сўз борди.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева иштирок этиб, хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Шунингдек, ташаббускор аёлларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш, мавжуд имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.

Семинар доирасида имтиёзли кредитлар ёрдамида ўз бизнесини йўлга қўйган хотин-қизларнинг маҳсулот ва хизматлари кўргазмаси ташкил этилди. Тикувчилик, пазандачилик, паррандачилик, ҳунармандчилик ва гўзаллик хизмати каби йўналишлардаги ишлар иштирокчилар эътиборини тортди.

Кўргазмада намойиш этилган ҳар бир маҳсулот ортида аёлнинг меҳнати, изланиши ва тадбиркорликка бўлган интилиши мужассам. Бу мисоллар ҳунарни даромад манбаига айлантириш, кичик ташаббус орқали мустақил фаолиятни йўлга қўйиш мумкинлигини кўрсатди.

Тадбирнинг амалий натижаларидан яна бири — фаолиятини кенгайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш истагидаги 10 нафар тадбиркор хотин-қизнинг ҳар бирига 30 миллион сўмлик имтиёзли кредит ваучерлари топширилганидир. Бу кўмак уларнинг бизнес режаларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари ташкил этиши учун қўшимча имконият яратади.

Хўш, бу каби молиявий кўмак ва тадбиркорлик имкониятлари туманда хотин-қизлар бандлигига қандай таъсир кўрсатмоқда?
— Туманимизда хотин-қизларни молиявий қўллаб-қувватлаш, ишсиз аёлларни касб-ҳунарга ўргатиш, ўзлари қизиққан йўналишларда билим ва кўникмаларини ошириш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидагиларга кўмаклашиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида жорий йилнинг ўзида «Аёллар дафтари»нинг 7-босқичи доирасида 207 нафар хотин-қизга 4,2 миллиард сўм, «Маҳалла лойиҳаси» орқали 48 нафар фуқарога 3,4 миллиард сўм, «Бизнесга биринчи қадам» дастури асосида 52 нафар мижозга 1,2 миллиард сўм ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури орқали 258 нафар мижозга 11,7 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Энг муҳими, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бунда вилоят ва туман ҳокимликлари, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда тижорат банкларининг кўмаги муҳим аҳамият касб этмоқда, — деди туман Халқ банк филиали раҳбарининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Соҳиба Ибодуллаева.

Дарҳақиқат, ажратилган кредитлар ва яратилган имкониятлардан кўзланган мақсад фақат молиявий ёрдам кўрсатиш эмас. Муҳими, аёллар бу имкониятлардан фойдаланиб, ўз касби ва ҳунарини даромад манбаига айлантириши, мустақил фаолият юритиши ва бошқаларнинг ҳам бандлигини таъминлашидир.

Семинарда иштирок этган Гулбаҳор Қорабоева ҳам ана шундай имкониятдан фойдаланиб, миллий ҳунармандчилик йўналишидаги фаолиятини кенгайтиришни мақсад қилган.
— Каштачилик бўйича тажрибам бор. Аммо ўз фаолиятимни кенгайтириш, миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ва янги иш ўрни яратиш учун молиявий кўмакка эҳтиёж сезаётгандим. Бугун менга ҳам 30 миллион сўмлик имтиёзли кредит ваучери тақдим этилди. Бу режаларимни амалга ошириш учун катта туртки бўлди. Энди миллий анъаналаримиз ва замонавий услубларни уйғунлаштирган ҳолда кашта ва сўзаналар тайёрлаш, уларни ички ва ташқи бозорга олиб чиқиш ниятидаман. Келгусида фаолиятимни янада кенгайтириб, бошқа хотин-қизларни ҳам иш билан таъминлашни истайман, — деди Гулбаҳор Қорабоева.

Кўргазмали семинар иштирокчилар учун нафақат ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этиш, балки тажриба алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва истиқболли ташаббусларини илгари суриш майдонига ҳам айланди. Айниқса, тадбиркорликни бошлаш истагидаги аёллар учун муваффақиятли лойиҳалар билан танишиш, ўз имкониятларини баҳолаш ва келгуси режаларини белгилаб олиш муҳим аҳамият касб этди.
Муҳими, аёлга берилган имконият — бир оиланинг даромади, бир маҳалланинг иқтисодий фаоллиги ва жамиятдаги бандликнинг ошиши демакдир. Ташаббус қўллаб-қувватланса, ҳунар бизнесга, бизнес эса янги иш ўринларига айланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири