Бугун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти томонидан «Шаҳарсозлик эволюцияси: Ўзбекистон ва Корея инновацион қурилиш йўлида» мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.
Унда кореялик мутахассислар, 30 дан ортиқ халқаро ҳамкорлар, 70 дан зиёд лойиҳа институтлари ҳамда маҳаллий ташкилотлар вакиллари, қатор соҳа экспертлари иштирок этди.
Семинардан кўзланган асосий мақсад – «Ўзбекистон шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини модернизация қилиш» ҳамкорлик лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда бу орқали маҳаллий қурилиш технологиясини ривожлантириш ва соҳада миллий рақобатбардошликни мустаҳкамлашдан иборат.
– Хабарингиз бор, замонавий нормалар ва технологияларни татбиқ этиш мақсадида илғор хорижий давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди, – дейди қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокиров. – Бунда асосий эътибор сейсмик ва ёнғин хавфсизлигига оид норматив ҳужжатларни такомиллаштириш, хориж илғор тажрибасига таяниб, амалдаги шаҳарсозлик норма ва қоидаларини модернизация қилишга қаратилди. Шаҳарсозлик норма ва қоидаларини халқаро талабларга мослаштиришдан асосий мақсад иқтисодий-ижтимоий самарадорлик, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш ва хавфсизлигини таъминлашдан иборатдир. Ташкил этилган мазкур семинар Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонаман.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Корея Республикасининг Ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги ҳамда Корея қурилиш муҳандислиги ва технологиялар институти ўртасида «Ўзбекистон шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини модернизация қилиш» бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Ҳамкорлик лойиҳаси бўйича икки томон келишувига кўра 2022-2025 йиллар мобайнида жами 256 та, 2025 йилда 52 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини Корея тажрибаси асосида модернизация қилиш белгиланган.
Тадбир давомида сўзга чиққан Корея Халқаро қурилиш ассоциацияси раиси Парк Сун-ҳо томонидан ҳам Ўзбекистонда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди.
Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини модернизация қилиш ҳамкорлик лойиҳаси доирасида ишларни самарали ташкил этиш ҳамда лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш мақсадида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институтида янги Халқаро нормаларни уйғунлаштириш бошқармаси ташкил этилган.
Мазкур бошқарма Америка, Хитой, Италия, Корея ва мамлакатимизнинг нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олган, малакали, илмий ходимлар билан тўлдирилди. 2022-2024 йиллар оралиғида жами 30 нафар соҳа мутахассиси Корея Республикасида шаҳарсозлик соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича малака ва тажриба алмашиб қайтди.
Семинар доирасида Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ҳамкорлик лойиҳасини мустаҳкамлашдаги хизматлари ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини модернизация қилиш соҳасида эришган натижалари учун бир гуруҳ экспертларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
2022 йилдан ҳозирги кунгача 120 дан ортиқ шаҳарсозлик норма ва қоидалари кореялик экспертлар билан биргаликда ўрганиб чиқилди. Ёнғин хавфсизлиги ва бошқа йўналишларга тегишли шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини модернизация қилиш учун таклифлар тайёрланиб, Корея қурилиш тажрибаси миллий шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига уйғунлаштирилмоқда.
Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичини 2025 йилда муваффақиятли якунлаб, иккинчи босқични ҳам жадал суратларда давом эттириш режалаштирилган.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА