Корея Xалқаро Ҳамкорлик Агентлиги (KOICA) узоқ йиллардан буён мамлакатимизда салмоқли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Ҳамкорлигимиз 1995 йилда “Ўзбек – Корейс дўстлик клиникасини барпо этиш лойиҳаси” орқали бошланганини алоҳида қайд этиш мумкин.
Агентликнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси қатор вазирлик ва идоралар билан биргаликда соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли ислоҳотлар бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда. Натижада соҳанинг барқарорлиги таъминланмоқда.
Масалан, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ташаббуси билан Сеул Миллий университети болалар шифохонасидан профессор Ким Унг Хан бошчилигидаги делегация Тошкентдаги Миллий болалар тиббиёт марказига келди.
Ушбу ташрифдан асосий мақсад – “ Миллий болалар миллий тиббиёт маркази ходимлари салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида тренинглар ўтказиш, ҳамшираларни симуляция қилиш бўйича ўқув дастурлари ҳамда марказда шифокорлар малакасини ошириш бўйича замонавий клиник кўникмалар, болалар жарроҳлиги амалиёти ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат.
2018-2023 йиллар давомида тиббиёт маркази ходимларининг малакасини оширишга мўлжалланган, қиймати 7 миллион долларга тенг ушбу лойиҳа, асосан, Ўзбекистонда оғир хасталикка чалинган болаларни даволаш кўрсаткичини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ва хизмат сифатини янада яхшилашга қаратилган.
Корейс мутахассисларнинг мамлакатга ташрифдан асосий мақсад – юрак касаллигига чалинган болаларни даволаш, мураккаб жаррахлик амалиётларини ўтказиш, – дейди Сеул Миллий университети болалар шифохонаси юрак бўйича мутахассиси Ли Сангюн. –Туғма юрак хасталиги нуқсони билан туғилган болаларга ёрдам беришимиз шарт, улар ҳар томонлама соғлом бўлиши учун барча имкониятимизни ишга соламиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IRvasfGJ9Nw" title="Кореялик шифокорлар Тошкентда мураккаб юрак жарроҳлиги амалиётини ўтказди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Лойиҳа доирасида қатор вазифалар белгилаб олинган: болаларга ғамхўрлик кўрсатиш сифатини ошириш, клиник кўникма, таълим ва тадқиқот имкониятини мустаҳкамлаш ва тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ҳамда ортирилган билим ва тажрибаларни амалиётга тадбиқ этишдан иборатдир.
Маълум бўлишича, саккиз нафар мутахассис, жумладан, беш врач, икки ҳамшира ва ёш тадқиқотчидан иборат Сеул шифохонаси делегацияси тиббиёт вакилларимиз билан ҳамкорликда саккизта мураккаб юрак жарроҳлиги амалиётини ўтказди. Ушбу жараёндан сўнг болалар реабилитацияга ўтказилган, ҳозирда уларнинг аҳволи яхши.
– Ўғлим юрак пароги касаллигига чалинган, Тетрада Фалло ташхиси қўйилиб мураккаб операция кераклиги аниқланганидан сўнг, мунтазам шифокорлар қабулида бўлдик. Тайёрланган ордер ёрдамида Миллий болалар миллий тиббиёт марказига келдик. Фарзандим операциядан яхши чиқди, ҳозир Кореялик мутахассислар назоратида. Тақдир тақозоси билан вақтида даволаняпмиз, бунинг учун KOICA агентлигига миннатдорлик билдираман, – дея таъкидлади беморнинг онаси Жанона Алманова.
Корея Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси соғлиқни сақлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Тараққиёт стратегияси изчил амалга оширилиши ва республикамизда истиқболли ҳаракатларда фаол иштирок этаётган мутахассисларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.
KOICA Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасига оид қатор лойиҳаларни амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Масалан, 23 июнь куни Миллий болалар тиббиёт марказида ходимлар малакасини ошириш лойиҳаси бош режасининг янги тахририни имзолаш маросими бўлиб ўтган эди. Ушбу бош режада KOICA ёрдамида ташкил этилган симуляцион-инновацион марказининг фаолият самарадорлигини ошириш бўйича бажарилиши зарур бўлган устувор вазифалар белгилаб қўйилган.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА