Корея фирмаси Ўзбекистонда янги автокластер ташкил этишни режалаштирмоқда
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида Жанубий Кореянинг «SMC Co., Ltd» компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида Жанубий Кореянинг «SMC Co., Ltd» компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистонда газ баллони ускуналарини синовдан ўтказиш ва автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш марказларига эга автокластер ташкил этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.
Вазирликдан маълум қилишларича, шу мақсадда мамлакатимиз вилоятларида ихтисослашган лабораториялар очилади, уларнинг негизида барча зарур тадқиқот ва ўлчамлар амалга оширилади.
Корея Республикаси компанияси лойиҳани амалга ошириш мақсадида 50 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш ҳамда давлат-хусусий шериклиги асосида ҳамкорлик қилишга тайёр. Бунда Кореянинг молия институтлари лойиҳани тўғридан-тўғри молиялаштиради.
Ўзбекистонда автотранспорт воситаларига ўрнатилган газ баллони ускуналарининг портлаш ҳолатлари қайд этилгани, шунингдек, бундай воситалардан хавфсиз фойдаланиш тизимида камчиликлар мавжудлигини ҳисобга олиб, яқин кунларда вазирликда автотранспорт тармоғи вакиллари иштирокида янги лойиҳа муҳокамасига бағишланган учрашув ўтказиш кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, Корея Республикасида автотранспорт воситасига ўрнатилган газ баллони ускунаси портлаши билан боғлиқ ҳолат 2010 йил августида қайд этилган.