Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлар академияси ўқув жараёнини таъминлаш базасида “Кўпкураш” ҳарбий-ватанпарварлик спорт мусобақасининг мамлакат финал босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ташаббуси билан Олий таълим, фан ва инновациялар, Ёшлар сиёсати ва спорт, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш, Маданият вазирликлари ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада ҳар бир ҳудуддан биттадан жами 14 та жамоа қатнашди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг ўттиз икки йиллик санаси муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, ҳарбий билим юрти масъул офицерлари, курсантлар, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлар учун байрамона концерт дастури бўлиб ўтди.
Шундан сўнг асосий баҳсларга старт берилди. Жамоалар ҳакамлар томонидан белгиланган тезкор савол-жавоб, жанговар қуролни қисмларга ажратиш ва йиғиш, камондан ўқ отиш, арқон тортиш, ҳарбий биатлон каби шартларда беллашди.
Якуний натижаларга кўра, Қашқадарё вилоятининг “Қалқон” жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Тошкент вилоятининг “Энергетик” жамоаси иккинчи ва Наманган вилоятининг “Пўлат қалқон” жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Ташкилотчилар томонидан пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Кўпкураш” ҳарбий-ватанпарварлик спорт мусобақасининг ҳудудий босқичларида жами 50 мингдан зиёд ёшлар қамраб олинди.
А.Мусаев,ЎзА.