Кўпкари мусобақасида сирдарёликлар зафар қучишди
Кўпкари — куч ва тезлик билан бирга жасорат, маҳорат ва жамоавий ҳамжиҳатликни талаб этадиган миллий спорт тури. Сирдарё вилоятида ўтказилган минтақавий мусобақада маҳаллий чавандозлар ана шу фазилатларни намоён этишиб, барча рақибларини ортда қолдиришди ва биринчи ўринни қўлга киритишди.
Асрлар давомида халқимизнинг урф-одатлари ва миллий қадриятлари билан чамбарчас боғлиқ бўлган кўпкари бугун ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда. Унда чавандознинг жисмоний тайёргарлиги, отни бошқариш маҳорати, эпчиллиги ва вазиятни тез баҳолай олиши муҳим ўрин тутади.
Сирдарёдаги минтақавий босқичда Тошкент шаҳри, Тошкент, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари Чавандозлар мактаблари жамоалари ғолиблик учун баҳс олиб борди. Мусобақанинг очилиш маросимида Миллий гвардиянинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи ўринбосари Отабек Санақулов иштирок этиб, беллашувларга расман старт берди.
Дастлабки баҳсда Тошкент шаҳри ва Жиззах вилояти жамоалари куч синашди. Қизғин кечган учрашув 4:2 ҳисобида жиззахлик чавандозлар фойдасига якунланди.
Сирдарё вилояти жамоаси эса Тошкент вилояти вакиллари билан баҳслашиб, 6:4 ҳисобида ғалаба қозонди ва финалга йўл олди.
[gallery-32507]
Ҳал қилувчи учрашувда Сирдарё ва Жиззах вилояти жамоалари майдонга тушди. Беллашув давомида юқори маҳорат ва жамоавий уюшқоқликни намойиш этган сирдарёлик чавандозлар 5:2 ҳисобида ғалаба қозонишиб, минтақавий босқич ғолиблигини қўлга киритишди.
— Ушбу натижа чавандозларнинг пухта тайёргарлиги, ўзаро ишончи ва ҳамжиҳатликдаги ҳаракатлари самараси бўлди. Зеро, кўпкарида муваффақиятга эришиш учун нафақат куч ва чидам, балки отни ҳис этиш, вазиятни тўғри баҳолаш ва жамоа манфаатини устун қўйиш ҳам талаб этилади, — деди Сирдарё вилояти Чавандозлар мактаби раҳбари Достон Нарзуллаев.
Бундай мусобақалар миллий спорт анъаналарини асраб-авайлаш, ёшларнинг от спортига қизиқишини ошириш, уларда жасорат, матонат ва масъулият туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Сирдарёлик чавандозларнинг ғалабаси миллий спортга бўлган қизиқиш, юксак маҳорат ва жамоавий бирдамликнинг ёрқин ифодаси бўлди. Энг муҳими, жамоа ушбу натижа орқали республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА