Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, пойтахтнинг Яшнобод тумани Тузел-2 мавзеси «Ватандош» МФЙдаги 9 қаватдан иборат 12-б уйда яшовчи аҳоли мурожаатларига асосан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Аниқланишича, бинонинг ертўла қисмида тадбиркорлар томонидан ноқонуний ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бинонинг ертўласи бузилиб, ҳатто бино фундаменти ўзгартирилаётгани аниқланди.
Шунингдек, текширув ишлари Шайхонтоҳур тумани Лабзак даҳаси 1а уйда ҳам ўтказилган. Аниқланишича, ушбу бинонинг ертўласи, яъни лойиҳа ҳужжатларидан четга чиқилган ҳолда бинонинг таянч деворлари ҳамда коммуникация тармоқлари жойлашуви ўзгартирилган.
Яккасарой тумани Себзор кўчаси Дилбулоқ маҳалласида жойлашган 1-уйда ҳам қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. 9 қаватли мазкур уйнинг биринчи қаватида истиқомат қилувчи мулкдор умумфойдаланишдаги ертўлага кириш учун уйнинг ичидан плита деворларини бузган ҳолда зинапоя ўрнатган. Кўп қаватли уйнинг ички ва ертўла қисмида ўзбошимчалик билан таянч ва таянч бўлмаган деворлар тамомила олиб ташланган. Шунингдек, уйдаги дераза ромларининг пастки қисмидаги таянч деворлар ҳам бузилган ва устунли соябон (навес) ўрнатилган.
Инспекция томонидан ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 15 кун муддатда бинони ўз ҳолига қайтариш бўйича топшириқ берилди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА